Тожикистон: Британия элчихонасига ҳужум текширилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Тожик матбуоти Британия элчихонасига ҳужумни Тоғли Бадахшондаги вазият билан боғлаган

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Ҳамро Раҳимзода 10 июн куни Душанбедаги Британия элчихонаси ва Кўлобда мухолифат раҳбарига уюштирилган ҳужумни текшириш учун махсус гуруҳ тузишга буйруқ берган.

Авеста хабар агентлигининг Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан иқтибос келтиришича, ҳар икки текширув гуруҳига Ички ишлар вазирининг ўринбосарлари раҳбар этиб тайинланган.

Британия элчихонасига уюштирилган ҳужум юзасидан 10 кишининг ҳибсга олингани айтилмоқда.

Сешанба куни Душанбедаги элчихона ташқарисида тўпланган бир гуруҳ одамлар элчихона биносини тошбўрон қилишган.

Ҳужумчиларнинг кимлиги номаълум, уларнинг аввалига аёллардан иборат бўлгани, кейинроқ эркаклар ҳам қўшилгани айтилади.

Ҳодиса жойига етиб келган милиция уларни ҳибсга олгани хабар қилинган.

Тожик матбуотининг шоҳидларга таяниб ёзишича,ҳужумчилар элчихона хавфсизлик камераларини синдиришган ва қўриқчилар билан олишганлар.

Британ элчихонаси ташқарисидаги норозилик амалига расмийлар томонидан рухсат берилмаган.

Худди шу куни Кўлобда мухолифатдаги Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирийга бир гуруҳ одамлар тухум ва помидорларни отишган.

Image caption Мухолифат партиялари жаноб Кабирийга ҳужумни қоралашмоқда

Иккала ҳужум ўртасида боғлиқлик бор-йўқлиги номаълум.

Ислом Уйғониш партияси ва Тожикистондаги бошқа мухолифат гуруҳлари ҳужумларни қоралашган.

ИУП мухолифат раҳбарига ҳужум аввалдан режаланган ва мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш ҳамда миллий бирдамликка путур ектазиш мақсадини кўзлаганини айтган.

Номаълум сабаблар

Пайшанба куни Британиянинг Душанбедаги элчиси Робин Орд-Смит ҳодиса юзасидан бир баёнот эълон қилиб,элчихона ташқарисидаги зўравон намойишнинг мақсади ўзига маълум эмаслигини айтган.

Asia-Plus хабар агентлиги британ элчисининг "Элчихонага хат топширилмагани учун мен намойишнинг нима ҳақида бўлганини тасдиқлай олмайман", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Британия элчиси сешанба кунги намойиш элчихона мулкига зарар етказганидан таассуф изҳор қилган ва ҳодисада ҳач ким жароҳатланмаганини айтган.

У тожик расмийларига зўравонликларга айланиб кетган намойишни тарқатишда ёрдам берганлари учун миннатдорчилик билдирган.

Айрим фаразларга кўра,намойишчилар Британиянинг Тожикистон шарқидаги Тоғли Бадахшон Мухтор вилоятида юзага келган вазият борасидаги мавқеъидан норози бўлишган.

Британия элчихонаси Тоғли Бадахшондаги вазиятни шарҳламаган, аммо намойиш юз берган пайт британ элчисининг Тоғли Бадахшон маркази Хоруғда бўлгани хабар қилинган.

Асосан Помир халқлари яшайдиган Тоғли Бадахшон аҳолиси Тожикистондаги фуқаролар уруши чоғи жорий Пезидент Имомали Раҳмоннинг "Халқ жабҳаси" га қарши Бирлашган тожик мухолифатини дастаклаган.

21 май куни Ҳоруғда ҳукумат кучлари ва номаълум қуроллилар ўртасида юз берган отишмада уч киши, жумладан, бир милиция ходими ҳалок бўлган.

Тожик расмийлари ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий гуруҳга қарши амалиёт олиб борилганини айтишган, аммо ҳодиса юзасидан бошқа фаразлар ҳам билдирилган.

Тожикистон куч тизимларининг амалиёти маҳаллий халқнинг норозилигига сабаб бўлгани айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002