Афғонистонликлар янги президент учун овоз бердилар

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Афғонистонда маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7.00 дан сайлов участкалари очилган, соат 16 гача президентлик сайловининиг иккинчи босқичида овоз берилган.

Овоз бериш ҳуқуқига эга 12 миллион атрофида сайловчи президентлик сайловининг биринчи босқичида кўп овоз тўплаган Абдулло Абдулло ва Ашраф Ғани учун овоз бермоқдалар.

Толибон ушбу сайловни барбод қилиш таҳдиди билан чиққан.

Қаттиқ хавфсизлик чоралари кўрилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Мухбирларнинг хабар қилишларича, Кобул шаҳрида аксар автомобиллар текширувдан ўтказилмоқда.

Ушбу сайлов Толибон ҳокимияти ағдарилган 2001 йилдан кейинги Афғонистонда илк бор қудратнинг тинч йўл билан алмашиши бўлади.

2014 йил Афғонистондаги хорижий қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши йили этиб белгиланган, янги президентнинг асосий вазифаси Афғон хавфсизлик кучлари билан тинчликни таъминлаш бўлади.

Президентлик сайловининг биринчи босқичида саккиз номзод беллашган, бироқ улардан бирортаси ҳам 50 фоиздан кўп овоз тўплашга муваффақ бўлмади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло 45 фоиз, Жаҳон банкининг собиқ иқтисодчиси ва собиқ молия вазири Ашраф Ғани 31 фоиздан кўп овоз йиғди.

Жаноб Абдулло Афғонистонда ҳамма нарсани янгидан бошлашга ваъда берган.

Жаноб Ғани ислоҳотлар таклиф қилмоқда.

Ашраф Ғани президентликка сайланса, генерал Абдул Рашид Дўстумга вице-президентлик лавозимини ваъда қилган.

Жаноб Дўстум дастаги кучли бўлган Афғонистон шимолида аксар сайловчилар Ашраф Ғани учун овоз беришга қарор қилганларини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бутун Афғонистон бўйлаб 6000 сайлов участкаси очилган.

Айрим участкалар тоғли ҳудудларда, автомобил ўтиши қийин жойларда жойлашган.

Шунинг учун сайлов бюллетенларини марказга етказиш учун эшаклардан фойдаланишга тўғри келади.

Президентлик сайлови иккинчи босқичидаги овозларни илк санаб чиқиш натижалари 2 июлда, якуний натижаларнинг эса 22 июлда эълон қилиниши кутилмоқда.

Ушбу сайловдаги энг асосий хавотир рақиб сиёсатчилар дастакловчиларининг мағлубиятни тан олмасликлари деб кўрилмоқда.

Ютқазган сиёсатчи тарафдорларининг сайлов натижаларини тан олишдан бош тортишлари Афғонистонни яна миллатлараро низолар можаросига етаклаши мумкинлигидан қўрқишларини айтадилар расмийлар.

Бу мавзуда батафсилроқ