Газ ва сув устида тортишаётган давлатларни ким муросага солади?

Қирғизистон матбуотининг хабар қилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё Ягона Энергетика тизимидан чиқиб кетиш билан яна бир бор таҳдид қилган.

Айтилишича бу каби таҳдид Қирғиз расмийларининг Ўзбекистонни сув билан таъминлайдиган канални таъмирлаш учун ёпамиз, деган баёнотларидан сўнг янграмоқда.

Айрим Қирғиз сиёсатчилари апрел ойи ўрталарида газ бермаётгани учун Ўзбекистонга сувни тухтатайлик, деган баёнотлар билан чиқишганди.

Аммо Қирғизистон ҳукумати бу таклифни рад этган.

Айни пайтда Тожикистонда Ўзбекистонни ўз ичига олмаган, алоҳида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон дохил ягона электр тизимини барпо этиш ҳақида баёнотлар ҳам янграмоқда.

Минтақадаги қўшни давлатлар Ўзбекистонни газ ва электрдан сиёсий босим воситалари сифатида фойдаланишда кўп йиллардан бери айблаб келишади.

Марказий Осиё Ягона Энергетика тизими Шўролар даврида минтақани электр энергияси билан бир маромда таъминлаш ва сув айрибошлаш муаммосини ечиш мақсадида тузилганди.

Бундан аввал ҳам Ўзбекистон бир неча бор ушбу тизимда бошқа иштирок этмаслиги ҳақида айтганди.

Ягона Энергетика Тизими юзасидан ўзаро танқиду-айбловлар такрор-такрор янграётган манзарада мавжуд муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин?

Иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаевнинг айтишича, Шўролар қулаганидан сўнг ҳам бир неча йил мобайнида ушбу ягона тизимни сақлаб қолиш истаги қатор давлатларда бор эди.

"Лекин афсуски, минтақада интеграцион жараёнлар илгари силжимади", дейди таҳлилчи.

Минтақадаги давлатлар манфаатларининг бир-бирига зид келиши мавжуд муаммоларни ечиш йўлида асосий тўсиқлардан биридир.

Таҳлилчига кўра, бу каби вазиятда мамлакатлараро муаммо ва масалаларни ечишда воситачилик қилувчи учинчи бир давлат ёки ташкилот керак.

Лекин икки томонлама муносабатлар асосида қурилган алоқаларни афзал билиб Ўзбекистон бу каби умумлаштирувчи ташкилотларга аъзо бўлиб киришга қаршидир.

"Бу каби уюшма йўқ экан бир масала устида келиша олмай турган давлат кимга мурожаат қилиши керак? Бу жуда мушкул ҳолат", дейди иқтисодчи Сапарбой Жубаев.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ