Тожикистон раҳбарияти нега хорижий кучлар таҳдидидан огоҳлантирмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Тожикистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси раисининг айтишича, баъзи хорижий жосуслик хизматлари Тожикистонда тинчлик ва осойишталикни издан чиқариш учун жиноий гуруҳларга молиявий ёрдам бермоқда.

Саймўмин Ятимов ҳеч бир давлатни тилга олмаган, аммо қудратли давлатлар "ноҳукумат ташкилотлар ниқоби остида" Тожикистон хавфсизлигига раҳна солишга уринаётганини айтган.

Бир неча кун аввал Британия университетининг тадқиқотчиси, тожикистонлик блоггер Александр Содиқов хорижий жосусликда айбланиб ҳибсга олинганди.

"Тожикистонда баъзи махсус хизматлар мамлакатдаги жиноий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилиб, уларни пул эвазига жамиятдаги барқарорликка путур етказишга ундирмоқдалар. Мен бу хизматлар билан бу тўғрисида сӯҳбатлашдим. Улар йирик давлатларнинг махсус хизматларидирлар", деб айтган Саймӯмин Ятимов Би-би-си мухбирига.

Тожикистон хавфсизлик қўмитаси раиси 19 июнда Душанбеда бӯлиб ӯтган “Марказий Осиёда таҳдидлар ва замонавий хатарларга қаршилик кӯрсатиш” мавзусидаги халқаро анжуманда гапириб, нодавлат ташкилотлар ходимлари ва сиёсий фирқалар аъзоларини ватанпарварликка ва миллий бирликни сақлашга чақирган.

Бу Тожикистондаги юқори лавозимдаги хавфсизлик ходимининг халқаро ташкилотлар вакиллари ва Душанбедаги хорижий дипломатлар ҳузурида йирик давлатлар жосуслик хизматларини мамлакатдаги барқарорликка путур етказиш ҳаракатида расмий тарзда илк бор айблашидир.

Кузатувчиларнинг фикрича, жорий ойда Тожикистон хавфсизлик идоралари ёшлар ва аёллардан иборат гуруҳлар орқали сиёсий фирқалар ва нодавлат ташкилотлар ходимлари ва ҳатто мамлакатдаги элчихоналарга ҳужум уюштирган. Жумладан, ўтаётган ҳафтада Канаданинг Торонто шаҳри Университетининг сиёсий масалалар бӯйича тадқиқотчиси ва Тожикистон фуқароси Александр Содиқов Тоғли Бадахшон вилоятида "жосуслик" айблови билан қӯлга олинди. Тожикистон Хавфсизлик Қўмитаси ӯз баёнотида Душанбедаги хорижий жосуслик хизматлари жаноб Содиқовни Бадахшон вилоятида зарурий маълумотлар жамлаш ва бу минтақадаги мухолифат вакиллари билан мулоқот қилиш учун Хоруғ шаҳрига юборганлигини айтган.

Мухолиф социал-демократ фирқасининг Бадахшон вилояти бӯлими раиси Алим Шерзамонов ҳақиқатдан ҳам Александр Содиқов билан учрашганлиги тасдиқлаган, аммо бу учрашувда фақат ӯтган ойда Хоруғ шаҳрида бӯлиб ӯтган нотинчлик ва отишмалар атрофида гаплашганларини билдирган. Халқаро ташкилотлар, жумладан инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотларининг Александр Содиқовни озод этиш борасидаги талабларига қарамай, у ҳозирда ҳибсда қолмоқда.

10 июнда бир гуруҳ ёшлар ва аёллар Душанбедаги Британия элчихонасига ҳужум қилиб, элчихонани қӯриқлаётган уч хавфсизлик ходимини калтаклаб, элчихона биноси томон тухум, помидор ва тош отганлар.

Ӯша куни Тожикистондаги Британия элчиси Робин Орт Смит Бадахшондаги вазият билан танишиш ва вилоятдаги нодавлат ташкилотлар ходимлари билан учрашиш мақсадида у ерга йӯл олган эди. Норозилар элчининг ушбу амалини Бадахшон вилоятидаги мухолифат раҳбарларини қӯллаб-қувватлаш дея баҳолаб, элчихонага ҳужум уюштирганлар.

10 июн куни жанубий Тожикистондаги Кӯлоб шаҳрига ёшлар билан мулоқот қилиш мақсадида борган Ислом Уйғониш Фирқаси раҳбари Муҳиддин Кабирий ҳам ёшлар ва аёллар томонидан ҳужумга тутилди. Улар жаноб Кабирий машинаси томон тухум ва помидор отиб, мазкур ҳодисани видеога олган фирқанинг бир аъзосини калтаклаб унинг Ipadини синдириб ташлаганлар.

Айни дамда Тожикистондаги мустақил кузатувчилар, Тожикистон хавфсизлик органларининг ушбу амалларини мухолиф сиёсий фирқалар аъзолари, Ғарб мамлакатлари билан алоқада бӯлган нодавлат ташкилотлари ходимлари ва зиёларини ӯз назорат остида олиш учун уриниш, дея баҳолайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02