'Келинингиз нон ёпишни биладими?'

Тожикистон шимолидаги мактабларда қизларга уй-рўзғор юритиш малакаларини ўргатишга киришилган, бундан кўзланган мақсад, Тожикистондаги ажралишлар сонини камайтириш, дея хабар қилади BBC Monitoring.

Суғд вилояти ҳокими Абдураҳмон Қодирийнинг фармонига биноан вилоятдаги 912 мактабнинг 530 тасига лой тандир ўрнатилган.

840 мактабда эса аллақачон манти ёки палов пишириш учун зарур ўчоқлар ўрнатиб бўлинган.

Суғддаги ўрта мактабларнинг 300 тасига тўқиш ускуналари ўрнатилган.

Мактабларнинг юқори синф ўқувчи қизлари бу ускуналар кўмагида гилам ёки сўзона тикишни ўрганадилар, бунинг учун малакали ўқитувчилар ҳам жалб қилинган.

Ferghana.ru ахборот агентлигига Суғд вилояти ҳокими матбуот котиби Музаффар Юнусовнинг айтишича, ушбу чоралардан кўзланган мақсад, "ёш оилаларнинг парчаланиб кетиши олдини олишдир".

Маълум бўлишича, Суғдда маҳаллий ажралишларнинг сабабларидан бири "келинларнинг на тугма тикишни, на овқат пиширишни" билиши сабаб бўлаяпти экан.

Тожик расмий статистикасига кўра, охирги йилларда турмуш қурган ёшларнинг ажралишлари сони кўпайган.

2012 йилдан кейин эса никоҳларни қайддан ўтказиш сони ҳам камайган, дея хабар қилган Ferghana.ru веб-сайти.

Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаган мураббийлар ва шифокорлар ёш оилалар учун саводлилик муҳимлигини, келин-куёв ажралиб кетаётгани сабаби фақат келинларнинг уқувсизлиги эмас, моддий қийинчилик эканини айтганлар.