Шимолий Вазиристонга пиёда қўшинлар ташланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Покистон армияси Шимолий Вазиристондаги Толибон жангариларга қарши пиёда қўшинлари билан янги ҳарбий амалиётни бошлаганини эълон қилди.

Баёнотга кўра, амалиётлар Афғонистон билан чегарадаги қабилавий ҳудуднинг асосий шаҳри саналмиш Мироншоҳда бошланган.

Сал аввалроқ армия ҳаводан ҳужумларни амалга ошириб 370 жангарини ўлдирганини билдирганди.

Бу рақам мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Шимолий Вазиристон кўп вақтлардан бери жангариларнинг қароргоҳи саналиб келади.

Мухбирларга кўра, кўплаб жангарилар ҳарбий амалиёт бошланишидан аввал ҳудудни тарк этганлар.

Уч ҳафта аввал жангарилар Покистондаги энг йирик Карачи аэропортига ҳужум қилиб, 30дан ортиқ одамни нобуд қилгандилар.

Бунга жавобан, Покистон қўшинлари икки ҳафтадирки Шимолий Вазиристондаги жангарилар бошпаналарига қарши ҳаводан ҳужумларни амалга ошириб келиоқда.

Армиянинг айтишича, нишонлардан бири Карачи аэропорти учун масъулиятни олган ўзбек жангарилари ва уларнинг Покистон Толибони иттифоқчиларидир.

Душанба куни чиқарилган ҳарбий баёнотда айтилишича, қўшинлар Мироншоҳда уйма-уй юриб қидирув ишларини олиб бормоқдалар.

“Қўшинлар ерости туннелларни ва қўлбола портловчи моддаларни топдилар”, дейилади баёнотда.

Мироншоҳ охирги йилларда Покистон Толибони гуруҳининг маркази бўлиб келган.

Маҳаллий аҳоли Покистон бўйлаб минглаб одамларни ўлдирган жангариларга тоқат билан ёндошганлар.

Би-би-сининг Исломободдаги мухбири Андрю Нортга кўра, Покистон қўмондонлари жангариларни “яхши ва ёмон Толиб”га ажратиб ўтирмасликларини айтмоқдалар.

Лекин, мухбиримизга кўра, Шимолий Вазиристондан олинган кўплаб хабарлар армия амалиётни бошлашдан аввал жангариларга қочиш учун имконият яратиб берганига ишора қилади.

Карачи аэропортига ҳужум ортидан эълон қилинган ҳарбий амалиёт туфайли камида ярим миллион одам Шимолий Вазиристонни ташлаб қочган.

Бу мавзуда батафсилроқ