Тожик аёлларини ҳижоб кийишга ким мажбур қилмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Тожикистонда охирги йилларда динга қизиқиш кескин ўсгани кузатилди.

Мамлакатда исломийлаштириш суръати айниқса Душанбе шаҳрида, мамлакат шимоли ва жанубидаги Сўғд ҳамда Хатлон вилоятларида сезиларли. Бу ерда аксар аёллар ва қизлар ҳижоб ёки паранжида юришади.

Тоғли Бадахшон ва Рашт водийсида кўпроқ миллий бош кийими рўмол ўрашни маъқул кўришади.

Паранжи ва узун халат Марказий Осиёдаги аёллар учун анъанавий либос ҳисобланмайди: Тожикистондаги аксарият аёллар, айниқса қишлоқ жойларида ҳар доим бошнинг юқори қисмини ёпадиган рўмоллар ўрашган.

Исломий кучларнинг фаоллашидан ҳамиша хавотирда бўлган ҳукумат мамлакатдаги ўқув юртларида ҳижоб ўрашга таъқиқ киритган. Лекин бу аёлларни тобора исломий модага амал қилишларидан қайтара олмайди.

Тожикистон ҳукумати қошидаги Аёллар қўмитаси бир неча йил олдин ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, ҳижоб ўраган аёлларнинг ярмидан кўпроғи оиласини сақлаб қолиш мақсадида ҳижоб ўрашга мажбурликларини айтганлар.

Бироқ ҳижоб Тожикистонда иш топишда жиддий тўсиқ бўлиши мумкин, бошқа томондан эса эътиқодли мусулмон сифатида тезроқ турмушга чиқишга ёрдам беради.

Ҳижоб ўраш ёки ўрамаслик- бу савол Тожикистонда тобора долзарб бўлиб бормоқда. Кўп аёллар ўзларининг ҳижоб ўрамаганлари учун тез-тез дашномга учрашларини айтишади.

Бошқалари эса юртдошларига мусулмон аёллар вазифаларини эслатиб, Ислом бошни ўраб юришга буюрганини таъкидлашади.

Мен икки тожик аёли билан учрашдим, бири ҳижоб ўрайди, бошқаси эса йўқ. Мен улардан исломийлаштириш, мажбурийлик ва танлов ҳуқуқи ҳақида қандай фикрда эканларини сўрадим.

Зулфия Содиқова- таниқли тожик актрисаси:

Менинг эрим ишлашимга ҳеч қачон қарши бўлмаган. Менинг ижодий, актёрлик ҳаётим совет даврида бошланган. Ўша вақтларда ижодий касбларга Тожикистонда алоҳида муносабатда бўлинарди. Актёрларни ҳурмат қилишар, севишарди. Рассом, актёр, раққоса бўлиш жуда нуфузли эди.

Турмушга чиққанимдан сўнг мен бир қанча вақт барча тожик келинчаклари каби анъанавий тожик рўмолини ўраб юрдим. Бундан ташқари, қишлоқларда доим рўмол ўрашарди. Ва мен бунга амал қилиб, рўмол ўраганман, лекин ҳеч қачон ҳижоб киймаганман.

Ҳозир мамлакатда ҳижоб кийган аёллар жуда кўп. Бунга менинг муносабатим мушкул. Бунинг сабабларини тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Тўғрисини айтсам, мен кўчаларда ҳижобли аёлларнинг кўплигига дарров кўникиб кетолмадим. Дастлабки йиллар мен уларни нима мажбур қилишига тушуна олмадим. Чунки Тожикистонда ҳеч қачон ҳижоб кийишмаган. Албатта рўмол ўрашган, лекин юзларини тўсмаганлар. Ҳижоб, паранжи, ниқоблар - бу бизнинг анъанавий кийимларимиз эмас, буларнинг ҳаммаси ташқи таъсирлар натижаси.

"Бу жараён бошланганда, мен ўтган аср бошида паранжини ташлагани учун ўлдирилган кўплаб тожик аёлларини эсладим. Ўша даврда бу катта жасорат эди. Ҳозир яна аёллар ихтиёрий равишда ўша вақтга қайтмоқдалар. Мен аминманки, аёлларнинг юзларини ёпиш одатига қайтиш ихтиёрий ва ўйланган қадам эмас, мажбурийликдир.

Яқиндан бошлаб менинг икки қизим ҳижоб ўрай бошлашди. Мен уларнинг танловидан ҳайратландим, лекин улар эркин танлаш ҳуқуқига эгалар. Қизларим ўқимишли, тушунган. Улар ҳижоб ўрашни хоҳлашди, мен буни қувватламасам-да, уларнинг танловларини қабул қилдим.

Биз дунёвий давлатда яшаймиз, қонун ҳамманинг ҳуқуқини ҳимоя қилади. Мен ўзимнинг ҳаётий йўлимни танлашда асосий сабаб қўрқув, мажбурийлик, таҳдид бўлишини хоҳламайман. Ҳар бир кишида танлов бўлиши керак.

Ойша Ҳалимова, Душанбе, 21 ёш:

Мен уч йилдан бери ҳижоб кияман. Мени ҳеч ким мусулмонларнинг бу бош кийимини ўрашга мажбур қилмаган. Эрга теккунимча мен ҳижоб ўрамасдим, турмушга чиққанимдан сўнг, хўжайиним мен уни ўрашимни хоҳлашини айтди. Ва мен ҳижоб ўрай бошладим, чунки эрнинг истаги- аёл учун қонундир.

Мактабда мен тўққизинчи синфгача ўқиганман, ундан кейин ҳеч қаерни тугатмадим. Ҳар куни беш маҳал намоз ўқийман. Ишлашимга эрим рухсат бермайди. Агар рухсат берса, албатта ишлайман. Ҳижоб ўраш- ҳар бир мусулмон аёл учун фарз.

Онам ёшлигида рўмол ўрамаган, ҳозир эса ўрайди. Ҳозир менинг дугоналарим деярли йўқ. Ҳаммалари турмушга чиққан ва учрашишга имкон йўқ. Уларнинг кўпчилиги тўйдан кейин рўмол ўрай бошлашди.

Албатта ҳар бир аёлда танлов бўлиши кераклигига қўшиламан. Лекин эр нима деса, унга бўйсуниш лозимдир. Эрга қулоқ солиш - Исломнинг талабларидан бири. Мен ҳеч қачон ҳижобни ечмайман, ҳатто Россияга ишга кетган эримнинг олдига борганимда ҳам, уни ўрашда давом этдим.

Москвада ҳам, Тожикистонда ҳам менга ёмон муносабат қилинганини сезмадим. Ҳеч қандай босим йўқ.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02