Тожикистондаги афғон қочқинлари қандай ҳаёт кечиришмоқда?

Сўнгги пайтларда Афғонистондаги вазиятнинг кескин ёмонлашуви Тожикистонга афғон қочқинларининг янги оқимини олиб кирган. Афғонлар Тожикистонда ижтимоий ҳимоя ва яхши ҳаёт излаб келишади, лекин ҳар доим ҳам уни топа олмайдилар.

Ҳар йили Тожикистонга юзлаб афғон қочқинлари келишади. Охирги ўн йилда уларнинг жуда оз сонлиси ортга қайтган ва улар ватанига яқинлари сабабли кетишга мажбур бўлган ёки мамлакатдан чиқариб юборилганлардир.

Марказий Осиёдан ҳозирча фақат Тожикистон ва Қирғизистон бошпана излаганларга жой бермоқда.

Туркманистон ва Ўзбекистонга қочқинларнинг кириши чекланган.

Шу билан бирга беш йиллик фуқаролар урушини бошдан кечирган Тожикистон- собиқ совет давлатлари ичида энг камбағали ҳисобланади. Тожик ҳукумати қочқинларни қонунда кўзда тутилган барча ижтимоий хизматлар билан таъминлай олмасликларини айтади.

Бундан ташқари, мамлакатда даромад даражаси паст, Тожикистонда ўртача ойлик иш ҳақи тахминан 80 долларни ташкил қилади.

Расмий маълумотларга қараганда, 40 фоиздан ортиқ (Тожикистоннинг саккиз миллион аҳолисидан бир ярим миллиони) ишга яроқли аҳоли меҳнат муҳожирлигида, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпроғи қашшоқликда кун кечиради.

Оммавий ишсизлик ва камбағаллик шароитида катта миқдордаги афғон қочқинларини қабул қилиш Тожикистон учун жуда оғир. Тожик ҳукумати кириб келаётган барча афғон қочқинларини қабул қила олиши даргумон.

Мамлакатда иқтисодий инқироз оқибатлари кучли ва республикада ижтимоий вазият сезиларли равишда таранглашган.

Иқтисодда афғон изи

Тожикистон иқтисоди Афғонистондаги сиёсий инқироз боис миллионлаб долларни йўқотмоқда, деб ҳисоблайди сиёсатшунос Абдулла Раҳнамо.

Муҳим миллий ва трансмиллий энергетик, алоқа ва транспорт лойиҳалар тўғридан тўғри Афғонистондаги вазиятга боғлиқ.

Бундан ташқари, дунёдаги ўзгариб турувчи геополитик вазият НАТОнинг Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқиш режасига таъсир қилиши мумкин, деб ҳисоблайди таҳлилчи.

Раҳнамо халқаро кучлар Афғонистонни тарк этса ҳам, Марказий Осиё республикаларидан бирида узоқ муддат қолиши эҳтимолини истисно қилмайди.

"Асосий лойиҳалардан бири-Марказий Осиё ва Жанубий Осиёни боғловчи САSA-1000 режаси, Туркманистон газини Покистон ва Ҳиндистонга экспорт қилиш мўлжалланган ТАПИ лойиҳаси, булар Афғонистон билан боғлиқ. Ушбу мамлакатда тинчликни қарор топтирмай, мазкур лойиҳаларни амалга ошириш мумкин эмас. Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон учун Афғонистондаги барқарорлик муҳим саналади", дейди Абдулла Раҳнамо.

Шу муносабат билан Душанбе Афғонистондаги сиёсий воқеалар, энг асосийси-президентлик сайловларининг муҳимлигини таъкидлайди. "Биргаликда ҳамкорлик қила оладиган марказий ҳукумат лозим. Режаларни ҳаётга тадбиқи қандайдир дала қўмондони ёки қабила раҳбари билан амалга ошмайди, фақат марказий ҳукумат билан", деб таъкидлайди сиёсатшунос.

Тожикистон Афғонистон билан 1500 чақиримга чўзилган энг узун чегаралардан бирига эга. Тожик-афғон чегарасидаги вазият қуролли гуруҳ ва гиёҳванд моддалар ташувчиларнинг кесиб ўтишга тинимсиз уринишлари орқасидан таранглигича қолмоқда.

Шу боисдан НАТОнинг Афғонистондан чиқиб кетиш вақти яқинлашгани сайин Душанбе ўз хавотирини яширмайди. Бироқ, Афғонистондаги вазият 2014 йилдан кейин қай даражада ўзгариши ҳақида ҳеч ким аниқ башорат қилолмайди.

Image caption Вахдат - энг кўп Афғон қочқинлари келиб ўрнашадиган шаҳарлардан бири. Тожик ҳукумати уларнинг мамлакатнинг марказий минтақаларга келишларига рухсат бермайди.

Тожик ҳукумати БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича қўмитаси ва жамоатчилик ташкилотлари билан бирга қочқинларни жойлаштириш устида ишламоқда.

Қочқинлик агентлигига кўра, Тожикистонда ҳозир Афғонистон ўтган 4,5 минггача қочқинлар бор.

"Биз Афғонистондаги сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик вазияти мураккаблигини тан оламиз. Шундай бўлсада, биз мамлакатда вазият барқарорлашиб, Тожикистонга ўтаётган қочқинлар оқими ошмайди, деб умид қиламиз. Ва ўз навбатида биз ҳар қандай вазиятга тайёр туриш режалари билан шуғулланмоқдамиз", дейди БМТнинг Тожикистондаги вакили Кевин Аллен.

Афғон қочқинлари Тожикистонга жангарилардан қочиб, болаларини ўқитиш, ўзларига иш топиш учун келишади. Бироқ Тожикистонда улар яна иқтисодий ва юридик жиҳатдан ноаниқ вазиятда қолишади.

Кўпчилик афғонлар бу ерда соғлиқни сақлаш хизматидан деярли маҳрум, ишсиз, ўқий олмайди, қочқинлар тез-тез очликда яшашларига тўғри келади.

"Менинг ўғлим қурилишда ишлар эди, йиқилиб, қўли ва оёғини синдириб олди. Энди қурилишда ишлай олмайди. Афғонлар учун бошқа иш топиш қийин. Мен ва эрим касалмиз, лекин даволаниш учун пулимиз йўқ", деб айтади афғон аёли Наргис Меҳрожон.

Наргис ўзи ва олти боласи билан Мозори Шарифдан толиблар таҳдидлари боис қочиб келган.

Афғон аёл Тожикистондаги тегишли давлат идораларига эрини иш билан таъминлашни сўраб мурожаат қилган, бироқ давлат ишидаги маош унинг Душанбедан 30 чақирим узоқликдаги кичкинагина уйининг ижара ҳақига ҳам етмаган.

"Баъзида мен гўшт, мевалар егим келади, лекин бунинг учун бизда пул йўқ. Мен муаммоларнинг охирги ечими сифатида ўзимни ўлдирсамми, деган хаёлга бораман. Бизга Афғонистондаги қариндошларимиз пул юбориб туришади, шунга кун кечирамиз", -дейди қочқин аёл.

Афғон қочқинлари Тожикистон ҳукумати ва БМТ Қочқинлар комиссарлигини ўзларининг аҳволига эътибор қаратишга чақирадилар.

Бироқ агентлик ҳамма муҳтожларга ёрдам бериш имконига эга эмаслигини тан олади. Шундай бўлсада, халқаро ташкилот Афғон қочқинларига у ёки бу даражада доимий кўмак бериб келади.

Энг кам таъминланган оилалар учун нафақа оила бошлиғига 46 долларни ташкил қилади, оиланинг бошқа ишламайдиган аъзоларига 26 доллардан берилади. Бироқ бу пул ижара ҳақи, озиқ-овқат, кийим ва дори-дармонга умуман етмайди.

Image caption Афғон йигити Сиёвушга кўра, ишсизлик асосий муаммо.

Оиласи билан Кобулдан уч ой муқаддам Тожикистонга ўтган 18 ёшли Сиёвуш қочқинларнинг асосий муаммоси ишсизлик эканини айтади. Тожикистонда биз кўп қийинчиликларни кўрамиз. Менинг оилам камбағал, мени ўқита олмайди. Бизда бор пул яшашимизга зўрға етади", дейди афғон йигит.

Кўпчилик афғонларнинг ҳужжатлари йўқ ва бу уларнинг давлат идораларида ишлашларига йўл қўймайди. Кўп афғонлар савдо-сотиқ билан шуғулланишади.

Афғонлар ватанларига қайтишни хоҳлашмайди, улар Афғон ҳукуматининг ваъдаларига ишонмайдилар. Шу билан бирга Тожикистонда ҳам қолиш режаларида йўқ, улар имкон топиб Оврўпога кетишни орзу қилишади.

Image caption Фотима қочқинларга Тожик милицияси ҳам муаммо эканини айтади.

Қочқинлар Тожик милициясининг доимий кузатувидан норози бўлишади. "Биз милиция ходимлари текширувлар пайти турли баҳоналар топиб, мамлакатдан чиқариб юборишларидан қўрқиб, уларга пул бериб туришга мажбурмиз. Агар Тожикистон керакли шароитни қилиб бера олмас экан, Ғарб давлатлари бизга ёрдам берсин", дейди Фотима исмли қочқин аёл.

Ҳуқуқ фаоллари эса Тожик ҳукумати ортиқча юкни ўз зиммасига олишни хоҳламаслигини айтишади.

Қочқинлик мақоми бериш давлатнинг олдига қатор вазифаларни қўяди. Жумладан, ҳукумат қочқинларни турар жой, иш ёки нафақа билан таъминлаши керак. Бироқ мамлакат бюджети бунга йўл қўймас экан, расмийлар Афғон қочқинларига қочқин мақомини беришга шошилмайдилар.

Тожикистондаги Афғонистон элчихонасига мурожаат қилган афғонларга ватанларига қайтиш маслаҳат берилади. Шу боисдан қочқинлар фақат ўз кучларига ва имкониятларига таяниб вазиятларини яхшилашга умид қиладилар.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ