Афғонистон ҳукумати Facebook ка тўсиқ қўймайдиган бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши Facebook ижтимоий тармоқ саҳифасини ёпиш чақириқларини рад этган.

Аввалроқ мамлакат президентлик сайловлари борасида интернетда кечаётган қизғин мунозаралар миллий адоват қўзғатаётгани юзасидан хавотирлар янграганди.

Айримлар мамлакатда барқарорлик ва миллий бирдамликни сақлаш учун ижтимоий тармоқ саҳифаларига чеклов жорий этишга чақиришган.

Ўтган ҳафта пойтахт Кобулда президентликка номзод Абдулла Абдулланинг минглаб тарафдорлари сайловларда овозларнинг сохталаштирилгани гумонлари боис, президент биноси қаршисида йиғилишган.

"Ашраф Ғанига ўлим! Сайлов комиссиясига ўлим!" деб ҳайқиришган намойишчилар.

Афғонистондаги президентлик сайловларининг биринчи босқичида 40 фоиздан кўп овоз тўплаган Абдулло Абдулло бу галги овоз беришда ўзининг сохта овозларнинг кўпайтирилгани қурбони бўлганини айтган ва сайлов натижаларини рад қилган.

Жаноб Абдулла президент Карзай ва вилоят ҳокимларини ҳам Ашраф Ғани фойдасига иш юритганликда айблаган.

Унинг рақиби Ашраф Ғани эса аллақачон бир миллион овоз билан ўзининг ғалаба қозонганини билдирмоқда.

Айни вақтда Президент Ҳомид Карзай норозиликларга муносабат билдириб, бундай чиқишлар Афғонистонга демократия келганининг белгиси эканини айтган.

'Саройга ўт қўямиз'

14 июнда кечган овоз бериш жараёнларидаги қаллобликлар борасида президентликка номзодлар Ашраф Ғани ва Абдулло Абдулло тарафдорлари ўртасидаги баҳсу мунозаралар зўравонликларга айланиб кетишидан хавотирлар мавжуд.

Аммо якшанба куни айни масалани муҳокама қилган Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши Facebook ка тўсиқ қўймасликка қарор қилган.

Президент Карзайнинг воизи Фойиқ Воҳидийга кўра, давлат раҳбари Facebookни тақиқламаслик, бунинг ўрнига ёшларни ундан масъулият билан фойдаланишга чақириш ҳақида буйруқ берган.

Facebook ка тақиқ қўйиш эҳтимоли афғонистонлик фойдаланувчилар орасида саросима ва ғазабнок муносабатларга сабаб бўлган.

Жумладан, улардан баъзилари Facebook ёпилса, "Афғонистон Президенти саройини ёқиш" билан таҳдид этганлар.

Матнда имло хатоси бўлса, бизга билдиринг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02