Баграмдаги худкушлик ҳужуми оқибатида 16 киши ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистондаги НАТО ҳаво базаси атрофида худкуш ҳужумчи мотоциклини портлатиши оқибатида 16 инсон ҳалок бўлган.

Улар орасида тўрт НАТО аскари, икки Афғон полициячиси ва ўн тинч фуқаро борлиги хабар қилинган.

Баграм Афғонистондаги энг йирик ҳарбий базаси, портлаш базанинг шифо муассасаси олдида юз берган.

Тўрт аскари ҳалок бўлгани ҳақида Афғонистондаги ISAF қўшинлари баёнот тарқатган.

Толибон оммавий ахборот воситаларига юборган электрон мактубида ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Ушбу ҳужум Афғонистондаги президентлик сайлови боис янги инқироз юзага чиққан пайтга тўғри келган.

7 июл куни Афғонистон Мустақил Сайлов комиссияси президентлик сайловининг иккинчи босқичи илк натижаларини эълон қилди.

Илк натижаларга кўра Ашраф Ғани Аҳмадзай 56,44 фоиз овоз билан олдинда бормоқда.

Кам овоз тўплаган номзод Абдулло Абдулло тарафдорлари сайлов натижаларини қабул қилмасликларини айтганлар.

Доктор Абдулло иккинчи босқич сайловда овозлар яппасига қалбакилаштирилганини даъво қилмоқда.

Агар Ашраф Ғани Аҳмадзай тўла ғалаба қозонгани эълон қилинса, Абдулло Абдулло "параллел ҳукумат" ташкил қилиши айтилган.

АҚШ Афғонистонда сайлов ортидан юзага келган вазиятдан хавотир билдирган.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри сайлов натижаларини қабул қилмаслик мамлакатдаги хавфсизлик ва Афғонистонга кўмак масалаларига салбий таъсир қилиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ