Президент Бердимуҳамедов яна бутун ҳукуматини ҳордиққа чиқарди

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов йилнинг илк олти ойи мобайнида яхши ишлагани учун ҳукуматнинг барча аъзоларини ўн икки кунлик ҳордиққа чиқарди.

Туркманистондаги давлат назоратидаги оммавий ахборот воситалари хабар қилишича, ушбу қарор ҳукуматнинг 2014 йил биринчи ярми якунига бағишланган кенгайтирилган мажлис якунида эълон қилинган.

Бироқ ундан олдин Президент Бердимуҳамедов ўз ҳукумати таркибида қатор ўзгаришлар ясагани маълум бўлган.

Туркман ҳукуматининг кенгайтирилган мажлисида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва Тараққиёт вазири, Молия вазири, Қурилиш ва Меъморчилик, Автомобил транспорти ва Маданият вазирлари ўзгарган.

Президент Бердимуҳамедов нега кадрларни алмаштиргани асл сабаби қоронғулигича қолган.

Кенгайтирилган мажлис тугагандан кейин эса жаноб Бердимуҳамедов мамлакатдаги барча амалдорларнинг дам олишларига ижозат берган.

"Мен шуни таъкидламоқчиманки, олти ой давомида ҳамма соҳаларда яхши натижаларга эришилган. Шу муносабат билан мен вазирликлар ва идоралар раҳбарларига, шунингдек, барча раҳбарларга 8 июлдан 20 июлгача ҳордиққа чиқишларига рухсат бераман", деб айтган Туркманистон Президенти.

Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ушбу эълонини Туркман ҳукумати мажлисининг барча қатншачилари гулдурос қарсаклар билан кутиб олганлар.

Бутун ҳукуматни ёппасига ҳордиққа чиқариш Туркманистонда марҳум президент Сапармурод Ниёзов ҳукмронлиги йилларида бошланган.

Ғалла ҳосили йиғиб олинганидан кейин Туркман вазирлари бир ҳафта ёки 10 кунлик таътилга чиқарилганлар.

Ўтган йили Президент Бердимуҳамедов вазирларига 21 июлдан 31 июлгача ҳордиқ олишга рухсат берган ва амалдорларни Каспий денгизи соҳилидаги дам олиш масканларига боришга даъват этган.

Президент Бердимуҳамедовнинг ўзи ҳам таътилини Каспий бўйидаги 2007 йилдан буён қурилиши давом этаётган "Овоза" дам олиш мажмуасида ўтказади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ