Афғонистонда саккиз миллион сайлов бюллетени қайта саналади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Афғонистон сайлов мулозимлари баҳсли президентлик сайлови иккинчи даврасида берилган овозларни қайта ҳисоблаб чиқишга тайёргарликни бошлаганлар.

Икки президентликка номзодлар ҳам кўп сондаги қаллобликлардан шикоят қилишганди, АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Кобулдаги музокаралари якунида томонлар сайлов бюллетенларини қайта санаб чиқишга розилик берганлар.

14 июн куни бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи туридаги овоз бериш натижалари Афғонистон Мустақил Сайлов комиссияси томонидан эълон қилинди, бу комиссия ҳисоб-китоблари бўйича Ашраф Ғани 56,44 фоиз, Абдулло Абдулло 43,45 фоиз овоз тўплаган.

Бу рақамлар Афғонистон президентлик сайлови биринчи тури натижаларидан буткул фарқ қилган, биринчи турда жаноб Ғани иккинчи ўринни қўлга киритган эди.

Кобулда АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан биргаликда матбуот анжумани ўтказган икки номзод барача бюллетенларни қайта санаб чиқишга розилик берганлар.

Дастлаб Кобулдаги овозлар қайта ҳисоблаб чиқилади.

Сўнг Афғонистондаги хорижий ISAF кучлари ҳарбийлари қолган бюллетенларни бошқа вилоятлардан йиғиб пойтахт Кобулга олиб келади.

Бюллетенларни санаб чиқиш жойи ҳам ҳисоб-китоб якунлари ҳам янги натижалар эълон қилингунича жудда қаттиқ қўриқланади.

Толибон қудратдан ағдарилганидан кейин Афғонистонни бошқариб келаётган Президент Ҳомид Карзай ҳам бюллетенларни қайта санаб чиқилишига ўз розилигини билдирган.

Ва мамлакатда август ойига мўлжалланган янги президентни қасамёдга келтириш маросими ҳам ортга чўзилган.

Таҳлилчиларга кўра, Афғонистонда Ашраф Ғанининг ҳам, Абдулло Абдуллонинг дастаги кучли ҳамда ҳукумат ёки қуролли кучлардаги бўлиниш мамлакат барқарорлигини издан чиқариши мумкин.

Миллий бирдамлик ҳукуматида қудрат ўзаро қандай бўлинади, ҳозирча маълум эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ