Афғонистон: бозордаги портлашда 89 киши ҳалок бўлди

Афғонистон шарқидаги одамлар билан гавжум бозорда бомба ўрнатилган автоуловнинг портлаши оқибатида, расмийларга кўра, 89 киши ҳаётдан кўз юмган.

Пактика вилоят расмийларининг билдиришларича, ҳужумчи автоуловни Орғун туманида жойлашган бозорга қараб ҳайдаган ва бозор ичкарисида портлатиб юборган.

Ҳодиса пайти бозор савдо-сотиқ қилаётган одамлар билан лиқ тўла бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни ҳозирча ҳеч ким зиммасига олмаган.

Пактика вилояти Покистоннинг беқарор қабила ҳудудлари билан чегарадош.

Орғун туман ҳокими Муҳаммад Разо Ҳаротийнинг Би-би-сига айтишича, ҳалок бўлганларнинг аксарияти дўкондор ва тинч аҳолидир.

Улар "Рамазон бозор-ўчари билан машғул бўлишган".

Афғонистон Мудофаа вазирлиги воизининг Би-би-сига маълум қилишича, ҳарбийлар вайроналар остидан 40 кишининг жасадини чиқаришган.

"Аскарларимиз жасадларни олиб чиқишаяпти. Бозордаги дўконларнинг деярли ҳаммаси ер билан битта бўлган", - деб айтган вазирлик вакили.

Расмийларга кўра, ҳужумда яна камида 30 киши яраланган.

Шоҳидлар ҳужумчи бозор ичкарисига кириб бораркан, полиция ва хавфсизлик кучлари уни қувлаб боришганини кўрганликларини айтишади.

Орғун туман шифохонаси ярадорларга тўлиб кетган.

Ҳужумдан бироз аввал Кобулда йўл четига ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида Президент Ҳомид Карзай маъмуриятининг икки нафар ходими ҳалок бўлган.

Толибон ҳужум учун масъуллигини айтган.

Афғон полициясининг айтишича, бомба гул тувакка ўрнатилган бўлган ва расмийлар Президент саройи томон бораётган пайтлари портлаган.

Ҳалок бўлганларнинг бири Президент матбуот хизмати ходими, иккинчиси эса компютер мутахассиси экани айтилади.

Портлашда 5 киши яраланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ