Россиядаги иқтисодий пасайиш Қозоғистонга ҳам таъсир қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Қозоғистоннинг асосий шериги бўлган Россиядаги иқтисодий пасайиш жорий йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда иқтисодий кўрсаткичларнинг тушиб кетишига сабаб бўлган.

Бу ҳақда Қозоғистон Давлат статистика агентлиги маълум қилган.

Агентлик раҳбари Алихон Смаиловнинг айтишича, жорий йилнинг январ-июн ойларида мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 3.9 ўсган, бу 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 1.2 фоизга камдир.

Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди бўлган Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулот ҳажми бу йил 6 фоизга ўсиши кутилаётганди.

Аммо нефт ва рангли метал ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши қозоқ иқтисодиётига салбий таъсир қилган.

Рейтер агентлигининг жаноб Смаиловдан иқтибос келтиришича, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг пасайиши асосан саноатдаги ишлаб чиқаришнинг камайиши билан боғлиқ.

Ўтган ҳафта эълон қилинган рақамлар саноат ишлаб чиқаришининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0.4 фоизга қисқарганини кўрсатган.

Қозоғистон статистика агентлигининг раҳбарига кўра, бу икки омил билан боғлиқ.

"Биринчи сабаб, бизнинг асосий савдо шеригимиз бўлган Россиядаги иқтисодий ўсишнинг секинлашиши", - деб айтган жаноб Смаилов.

Унга кўра, иккинчи омил нефт ва рангли метал ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишидир.

Халқаро Молия Жамғармасига кўра, Россия иқтисоди бу йил 0.2 фоизга ўсади, холос.

Украинадаги воқеалар сабаб киритилган жазо чоралари Россияга сармоялар оқимини камайтирган ва иқтисодий ўсишни секинлаштирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ