Олмаотадаги саммит Роғун ГЭСи қурилишига якуний нуқтани қўядими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Олмаота шаҳрида минтақадаги энг йирик ва баҳсли Роғун ГЭСининг қурилиши бўйича бешинчи учрашув бўлиб ўтмоқда.

Унда манфаатдор ва алоқадор давлатлар мустақил экспертлар томонидан тадқиқ қилинган ҳисоботни тинглашади ва унга ўз фикрларини билдиришади.

18 июлгача давом этадиган учрашувлар ёпиқ эшиклар ортида ўтмоқда.

Учрашувни бевосита кузатаётган манбанинг Би-би-сига айтишича, ҳозир Роғун ГЭСи қурилиши борасида маслаҳатлашувлар давом этмоқда. 18 июлгача манфаатдор давлатлардан келган делегациялар мустақил экспертларнинг хулосаларини тинглаб, бевосита ўз фикрларини билдиради. Таклиф ва эътирозларни қабул қилиш жараёни 29 июлгача бўлади. Ушбу эътироз ва таклифлар ўрганиб чиқилгач август ойининг охирида якуний баҳолаш ҳисоботи чоп қилинади. Лекин Роғун қурилиши мумкинлиги ҳақидаги қарорнинг қачон берилиши ҳали номаълум.

Бундан олдинроқ мустақил экспертлар гуруҳи Роғунни қуриш атроф муҳит ва иқтисодга жиддий зарар бермаслиги ва уни қуришга жиддий тўсиқ йўқлигини айтган. Якуний хулосанинг берилишида ушбу баҳолаш қанчалик рол ўйнаши мумкин?

Жараённи яқиндан кузатаётган манбанинг айтишича, якуний баҳолаш хулосасини белгилаш фактларга асосланади ва экспертларнинг хисоботларида фактлар акс этган. Демак баҳсли ГЭСнинг қурилишига қарши ҳозирча халқаро экспертлар жиддий сабаб кўрсатгани йўқ. Албатта ушбу учрашувларда дарёнинг қуйи оқимида жойлашган ва ГЭС қурилишига қарши бўлаётган Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ҳам эътирозлари якуний хисоботда ўз аксини топиши керак.

Ушбу иншоатнинг қурилишига тиш тирноғи билан қарши чиқаётган Ўзбекистон зилзила оқибатида жиддий экологик фалокатлар келиб чиқиши ва сув тақсимланишида муаммолар юзага келишидан хавотир билдирмоқда. Ушбу хавотирлар якуний қарорнинг берилишига қанчалик таъсир қилиши мумкин?

Ушбу эътирозлар якуний баҳолаш хисоботидан ўрин олиши мумкин, лекин ГЭСнинг қурилмаслигига етарли асос бўлолмаслиги тахмин қилинмоқда. Чунки мустақил экспертлар ўз хисоботларида ушбу ҳолатларни ГЭС қурилишига жиддий тўсқинлик қила олмаслигини билдиришган. Ундан ташқари 1987 йилги Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ўртасида имзоланган келишувга биноан Амударё суви давлатлар ўртасида тақсимланган. Тожикистон ушбу ҳужжатда кўрсатилган улушини эҳтиёж бўлмаганлиги сабаб шу вақтгача тўлиқ олмаган. Ва Роғун ГЭСи қурилса фақатгина ўз улуши орқали ГЭСни 16 йилда сув билан тўлдиришини маълум қилган. Лекин Тожикистон ўз улушини олишни бошлаши билан Амударё суви камида 10 фоизга қисқариши ва бу қуйида жойлашган Ўзбекистон ва Туркманистонга жиддий муаммо туғдириши мумкин.

Кузатувчилар халқаро экспертлар Роғуннинг қурилишига тўсқинлик қилувчи ҳеч қандай муаммо йўқлигини эътироф этган тақдирда ҳам Ўзбекистон унинг қурилишига тиш тирноғи билан қарши бўлишда давом этавериши мумкинлигини тахмин қилишади.

Бундай бўлишига мамлакат президенти Ислом Каримов ўз чиқишларида бир неча маротаба ишора берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ