Учоқ ҳалокати ортидан Марказий Осиё қандай чоралар олмоқда?

Image caption "Ўзбекистон ҳаво йўллари" 3,5 ойлик танафусдан сўнг Киевга хафтасига икки марта қатновларни 15 июлдан йўлга қўйган эди

Украинадаги учоқ ҳалокати сабаб, Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитаси мамлакатдаги ҳаво йўллари ширкатларини Украина ҳудудидан учиб ўтмай туришни тавсия қилган. "Эйр Астана" ширкати муқобил йўллар ҳал бўлгунча Киевга учувчи рейсларини бекор қилган.

Малайзия учоғи ҳалокатга учраши муносабати билан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Малайзия Бош вазири ва ҳалокатда яқинларини йўқотганларга Қозоғистон номидан ўз ҳамдардлигини билдирган.

Қозоғистон фуқаро авиацияси қўмитаси эса, мамлакатдаги авиокомпанияларга ушбу ҳалокатнинг сабаблари тўлиқ ўрганилмагунча Украина ҳудудидан учмай туриш тавсиясиини берди.

"Украина ҳаво сатҳидан учиб ўтувчи Қозоғистон авиакомпанияларига ҳозирча ушбу йўлдан фойдаланмай туришликни тавсия қиламиз. Бу ҳолат ҳалокат сабаблари тўлиқ ўрганилмагунча давом этиши мумкин", - дейди фуқаро авиацияси қўмитаси раҳбар ўринбосари Серик Мухтибаев.

Мухтибаев жанобларига кўра, Украина ҳудудидан асосан мамлакатнинг "Эйр Астана" авиаширкати Киевга учиш учун фойдаланган. Бундан ташқари, гоҳ-гоҳида чартер рейслар амалга оширилиб турган.

"Эйр Астана" ширкати ҳалокат содир бўлган куннинг ўзидаёқ Киевга учувчи рейларни бекор қилган.

Ширкат президенти Питер Фостер журналистлар олдига чиқиб Украина ҳудудидан ўтувчи барча рейслар бекор қилингани ва ушбу ҳудудни айланиб ўтиш учун муқобил йўллар қидирилаётганини билдирган.

"Олма ота - Киев" рейси эса Россия авиация раҳбариятидан шимолий йўлдан учишга руҳсат олинганидан сўнггина амалга оширилади. Ушбу йўл жанглар давом этаётган ҳуҳудни айланиб ўтиш имконини беради.

"Ўзбекистон ҳаво йўллари" 3,5 ойлик танафусдан сўнг Киевга хафтасига икки марта қатновларни 15 июлдан йўлга қўйган эди.

Парвозларнинг тўхтаб қолишига Тошкент ва Киев аэропортлари ўртасида келишмовчилик сабаб бўлган.

Ҳаво йўлларининг сўнгги рейси ҳалокат содир бўлишидан олдинроқ соат 10:20 да Киевга қўнган.

Украина осмонидаги Малайзия учоғи билан содир бўлган ҳалокатдан сўнг "Ўзбекистон ҳаво йўллари" "Тошкент-Киев" қатновини қолдирилиши ёки давом эттирилиши борасида бирор изоҳ бермади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ