Тожикистонда Одноклассники ижтимоий тармоғига тўсиқ қўйилди

Тожикистондан олинаётган хабарларга кўра, 19 июл шанба куни эрталабдан Россиянинг odnoklassniki.ru Интернет ижтимоий тармоғига тўсиқ қўйиш бошланган.

"Одноклассники" сайти аксар собиқ Шўро республикаларида бўлгани сингари Тожикистонда ҳам энг машҳур ижтимоий тармоқлардан бири ҳисобланади.

Шанба куни Тожикистондаги икки йирик Интернет-провайдер ширкати вакиллари "Одноклассники" сайтини ёпиш ҳақида буйруқ олганларини тасдиқлаганлар.

20 июл куни эса мамлакатдаги барча Интернет-провайдерлар, мобил телефон алоқаси ширкатлари, хусусан, Швециянинг машҳур TeliaSoneraсининг бўлими ҳисобланадиган TCell, Россиянинг "Мегафон", "Вимпелком" ширкатлари ҳам ўз мижозларининг "Одноклассники"га кириш йўлларига тўсиқ қўйганлар.

Интернет-провайдерлар маълум қилишларича, ўзларига Тожикистон ҳукумати қошидаги Алоқа хизматидан odnoklassniki.ru га тўсиқ қўйиш ҳақида оғзаки топшириқ бўлган.

Нима учун машҳур сайтни Тожикистонда ёпишга қарор қилингани сабаби ҳозирча аниқ эмас.

Барча Интернет ижтимоий тармоқларида бўлгани сингари хоҳлаган киши "Одноклассники"да ўз аккаунтини очиши, бошқа инсонлар билан дўстлашиши, гуруҳлар ташкил қилиши ёки қизиқишларга кўра тузилган гуруҳларга аъзо бўлиши, ўз фотосуратлари, ёқтирган қўшиқларини эълон қилиб бориши ва бошқалар билан бўлишиши мумкин.

Бошқа минтақа мамлакатлари сингари Тожикистон ҳам матбуот, сўз эркинлигини бўғиб келадиган мамлакатлардан бири ҳисобланади.

Бундан олдин Тожикистонда машҳур Youtube видео-порталига, Марказий Осиёдаги ҳодисаларни ёритишга ихтисослашган ferghana.ru, centrasia.ru, tjknews.com ҳамда avesta.tj сингари янгилик веб-сайтларига бир неча марта тўсиқлар қўйилган.

Бу мавзуда батафсилроқ