Тожикистон: сув бўйида сувсиз қолганлар

Тожикистон дунёдаги энг серсув, табиий сув манбаларига эга мамлакат ҳисобланса-да, жорий йилда яна бир бор экинзорларни суғориш муаммоси кӯндаланг бӯлмокда.

Аҳолининг 50 фоизидан кӯпроғи эса, ҳалигача тоза ичимлик сув билан таъминланган эмас.

Тожикистондаги асосий экинлардан саналадиган ғӯза ва шолининг айни парвариши даврида қишлоқ хӯжалик ривожланган туманларда деҳқонлар сув танқислигига дуч келишди.

Қирғизистондан ӯтиб келадиган сув ҳавзаларида сув кескин камайиб кетди ёки бутунлай қуриди. Устига Катта Фарғона каналига Ӯзбекистон томондан сув ӯтмай қӯйди.

"Деҳқон хӯжалигимизнинг йигирма гектарга яқин ери бор. Кӯп сув талаб қилишини билган ҳолда шу ернинг тӯртдан бир қисмигагина чигит экдик. Сув йӯклиги боис қора экинларни экиш вақти ҳам кечикди", дейди конибодомлик деҳқон.

Унинг айтишича хӯжалик экинзорлари Қайроққум сув омборидан сув тортиб берадиган насослар ёрдамида суғорилар экан. Лекин насосларнинг мунтазам ишламаётгани учун, устига сувга навбатга катта эканлиги боис экинзорлар тез-тез сувсиз қолмоқда.

Конибодомнинг Катта Фарғона каналида Ӯзбекистондан оқиб келадиган сув ва Қирғизистондан ӯтиб келадиган Исфарасой сувига қарам хӯжаликларида эса сув танқислиги муаммоси бу деҳқон хӯжалигига нисбатан бир неча карра кӯпроқ бӯлган.

Image caption Кўплаб экин майдонлари сувсизликдан қовжираб қолмоқда.

"Бир ярим ойгача на каналдан сув келди, на Исфарасой суви келди", дейди "Канди кӯҳан" ҳиссадорлик жамиятида ишлайдиган деҳқон.

Ниҳоят, Тожикистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Қоҳир Расулзоданинг аралашуви билан қӯшнилар билан келишувга эришилган.

Ҳозирда Ӯзбекистон томондан Катта Фарғона каналининг Конибодом томонига 4,5 куб метр сув ӯтмоқда. Исфарасойдан эса, 5 куб метр сув олиняпти.

"Сув бӯлмаса, пул, меҳнат сарфлаб нима?"

Ӯзини Турдиали деб таништирган қирқ ёшлардаги киши бундан тӯрт йил олдин Тожик Мирзачӯлида - Зафаробод туманида деҳқончилик қилган.

У ер олиб, оилавий деҳқончилик хӯжалиги таъсис этган. Банкдан қарз олиб чигит, минерал ӯғит сотиб олган, трактор ишлатган…

Лекин айни экин ҳосил тӯплайдиган палла сув етишмай қолган. Олинган ҳосил қилинган харажатнинг ярмини ҳам қопламаган. Натижада қарздор бӯлиб қолган деҳқон ерни ташлаб, Россияга ишлаш учун жӯнаб кетган.

"Афсуски, бу ягона ҳолат эмас. Ерини ташлаб кетганлар оз эмас", дейди Зафарободдаги қишлоқ хӯжалиги муаммоларини ӯрганган журналист.

"Мен кӯп деҳқонлар билан гаплашдим. Улар ердан фойдаланишни исташади. Лекин деҳқонлардан бири алам билан айтганидай «Сув бӯлмаса, пул, меҳнат сарфлаб нима?» дейди журналист.

Республика ҳукумати эса, янги скважина-қудуқларни ишга туширувчи ишбилармонлар, деҳқон хӯжаликларини рағбатлантириш учун махсус лойиҳани йӯлга қӯйган. Мазкур лойиха юзасидан скважина-қудуқ қазиётган кишиларга мамлакатдаги банклар томонидан имтиёзли қарзлар берилмокда.

Айни бир пайтда Суғд вилоятида сув захираларини бошқариш юзасидан лойиҳани амалга оширишга киришилмоқада.

Вилоят Ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, ер ислоҳоти тез суръатларда давом этаётган, 30 мингтага яқин янги деҳқон хӯжалиги тузилган бир пайтда сув захираларини бошқариш ва суғорма сув билан таъминлаш масалалари ӯта муҳим бӯлиб қолмоқда.

Швейцария ва Олмониядаги халқаро ташкилотлар қӯллови билан амалга ошириладиган лойиҳа Сирдарё ва шунингдек Оқсу ва Хӯжабақирғон сойлари сув ҳавзаларини қамраб олган.

Айни бир пайтда Тожикистон Мелорация ва сув захиралари вазирлигининг билдиришича Тожикистон Сирдарё сувининг фақат 7 фоизидан фойдаланади.

Сирдарёдан Қирғизистон олаётган сув бир фоизга етмайди. Қолган 92 фоиз сувдан Орол денгизи йӯлидаги Ӯзбекистон ва Қозоғистон фойдаланади.

Гарчи Амударёнинг асосий суви Тожикистон ҳудудида ҳосил бӯлса-да, бу дарё сувидан мамлакат атиги 15 фоизини олади.

Жаҳон банки кузатишларича, сувга бой Тожикистон экинзорларининг бешдан бир қисми сув тақчиллиги муаммосига учраётир.

Тожикистон сувталаб пахта майдонларини қисқартириш, уннг ӯрнига бошқа экинларни экиш, боғлар яратиш орқали сув тақчиллиги муаммосини ҳал этишга ҳам ҳаракат қилмокда. Масалан, Шӯролар даврига қиёслаганда ҳозирда Тожикистонда пахта майдонлари тенг ярмидан кӯпига қисқартирилди.

Сув ёнида сувга зорлар

Сув манбаларига бой Тожикистон фақат суғорма сув тақчиллиги масаласида эмас, тоза ичимлик сув масаласида ҳам муаммоларга дуч келмоқда.

Image caption Қишлоқларда аҳоли бир неча чақирим наридан сув ташиб келишга мажбур бўлмоқда.

Расмий маълумотларга қараганда Тожикистоннинг 50 фоизга яқин аҳолиси тоза ичимлик сув билан таъминланмаган.

Шӯролар давридан қолган ичимлик сув тизимлари эскириб, асосий қисми яроқсиз аҳволга келган.

Тӯғри, Тожикистон мустақиллигининг кейинги йилларида мамлакатнинг йирик шаҳарлари, жумладан, Хӯжанд шаҳрида ичимлик сув масаласи ижобий ҳал этилди. Бунинг учун Япония ҳукумати ва бошка бир қатор халқаро ташкилотлар молиявий кӯмак кӯрсатишди.

Аммо қишлоқларда ичимлик сув танқислиги кескин муаммолигича қолмоқда.

"Биз ичимлик сувини тӯрт-беш чақирим наридан ташиб келамиз. Машинаси борлар машинасида олиб келишади. Бизга ӯхшаганлар, кӯриб турганингиздек, эшакаравага ортилган идишларга сув қуйиб келамиз. Қаранг, замбилғалтакка сувидишлар солганларни кӯряпсизми", дейди Ашт туманидаги Гулшан қишлоғида яшайдиган Мелиқӯзи исмли киши.

"Биз кӯшни Қирғизистон томондан ичимлик сув ташиб келамиз. Ким уловда, ким пиёда. Кӯпинча жонимиз ҳалакда бӯлади - ишқилиб, қӯшнилар билан бирон можаро чиқиб, бизни Қирғизистон томонга ӯтказмай кӯйишмасин-да деб", чуқур уҳ тортади Исфара туманининг Лаккон қишлоғида яшайдиган эллик ёшлардаги аёл.

Тожикистоннинг айниқса фақат жилға ё булоқ сувларига кӯз тутиб қолган тоғли қишлоқларида ичимлик сув муаммоси аҳолини қийнаб қӯймоқда. Бу жилға ва булоқ сувлари ёз ӯрталарига келиб, кӯпинча буткул қуриб қолади.

Шундайгина Зарафшон ё Сирдарёдан бир-икки чақирим нарида яшаб, ичимлик сув йӯқлигидан қийналаётган одамларнинг ҳам ёзғиришларича бор: "Сув бӯйида яшаб, сувга зормиз!"

Ҳозирда сув муаммоси ҳал этилишига кӯзи етмаган қишлоқ одамлари ота-боболаридан қолган анъаналарга қайтишмоқда.

Конибодом, Бобожон Ғафуров, Ашт, Жаббор Расулов, Панжакент каби туманларда ҳовузлар қазилмоқда. Лекин ҳовузни тӯлдириш ҳам осон эмас. "Сув ташиб берадиган машиналар ҳайдовчилари оғизларига сиққан пулни сӯрашади", дейди Ғончи тумани қишлоқларидан бирида яшайдиган ӯқитувчи.

Расмийларнинг айтишларича халқаро ташкилотлар ёрдамида қишлоқ аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш муаммоси ҳал этилмоқда. Масалан, Конибодом туманининг олтита қишлоқ жамоатидаги қишлоқларда ичимлик сув билан таъминлаш масаласи яхшиланган.

Яқин икки йилда эса, Тожикистонда суғоришни яхшилаш ва ичимлик сув таъминоти учун 350 миллион АҚШ долларидан кӯпроқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ