Россиянинг Ғарбга қарши санкцияси минтақа учун нимани англатади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россиянинг жавоб чора сифатида АҚШ ва Ғарб давлатлари озиқ-овқат маҳсулотларига қарши санкция қўллаши Марказий Осиёда турлича акс-садо бермоқда.

Россиянинг Божхона иттифоқидаги ҳамкори Қозоғистондаги мутахассислар ушбу жазо чоралари мамлакатга кутилмаган натижаларни олиб келишидан хавотир билдирган.

Ўзбекистондаги тадбиркорлар мамлакатда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш учун янги имкониятлар очилаётганидан қувончини яширмаяпти.

Россия киритаётган жазо чоралари қандай амал қилиши кўпчилик мутахассисларни қизиқтирмоқда. Гап шундаки, Россия Беларус ва Қозоғистон билан Божхона иттифоқига аъзо. Ушбу давлатлар ўртасида божхона назорати олиб ташланган.

Беларус ёки Қозоғистонга кириб келган маҳсулот бемалол Россияга ўтиб кетиши мумкин. Айрим Россиялик мутахассислар мамлакат Божхона иттифоқи туфайли икки давлат билан назорат нуқтасига эга бўлмаса-да, савдо мажмуаларини назорат қилиш орқали санкцияни амалга ошириши мумкинлигини эътироф этишмоқда.

Бироқ, бу ҳолатда Россиядаги назорат органлари жуда ҳам катта босим остида ишлаши ва бу коррупцияга йўл очиши мумкин.

Москва Давлат Университети Информацион таҳлил маркази директор муовини Александр Караваев расмий Остона ва Минск кенг миқёсда бўлмаса ҳам қисман ушбу санкцияларни қўллаши мумкинлигини билдирган.

Қозоғистонлик жамоат фаоллари ушбу санкциялар Қозоғистон томонидан амалга оширилса мамлакат иқтисодига жиддий зарбалар берилиши мумкинлигини ва Ғарб томонидан шу вақтгача фақат Россияга қўлланилаётган санкциялар Қозоғистонга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкинлигидан хавотир билдиришган.

Бу ким учундир имкониятми?

Қозоғистоннинг қўшниси ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бой ўзбекистонлик тадбиркорлар Россия томонидан Ғарбга нисбатан қўлланилаётган жазо чораларини ўзлари учун имконият сифатида қабул қилмоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти билан шуғулланган ва ҳозирда Остонада истиқомат қилувчи тадбиркор Акбар Ҳусаинов ушбу имкониятлардан фойдаланиш кераклигини айтади.

“Бу нарса бизлар учун катта имконият бўлиши мумкин. Лекин, бу нарсага Ўзбекистон томонидан қизиқиш, давлат томонидан ҳам қандайдир ёрдам бўлиши керак. Чунки, ҳозир биз учун жуда яхши имконият бўлаяпти. Сифат бўйича Ўзбекистоннинг мева ва сабзавотлари Оврўпоникидан анча яхши”, - дейди Акбар Ҳусаинов.

РИА Новости ахборот агентлигининг Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалигидаги манбаасига таяниб ёзишича, Ўзбекистон Россияга мева сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишни икки баробар кўпайтириши мумкин. Ўтган йили ушбу давлатга 400 миллион доллардан ортиқ қийматдаги 300 минг тонна мева сабзавот экспорт қилинган ва бу Ўзбекистон умумий экспортининг 80 %ни ташкил қилган.

Бироқ, мутахассилар Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини эскпорт қилиш сиёсатидаги тушуниб бўлмас қарорлари деҳқонларнинг ташқи бозорни йўқотишга олиб келаётганини таъкидлашади.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотларига эҳтиёж сезувчи Қозоғистон бозорларини бугунга келиб Хитой ва Туркманистон маҳсулотлари эгалламоқда.

Ўзбекистон четга мунтазам маҳсулот экспорт қилишдан кўра уни тўхтатиш орқали ички бозорда барқарор нархни ушлаб туришни афзал билиши айтилади.

Тадбиркор Акбар Ҳусаинов вужудга келган имкониятдан максимал даражада фойдаланиш Ўзбекистонга катта фойда келтириши мумкинлигини таъкидлайди.

“Ҳозирги вазиятда кескин ўзгартиришлар керак. Катта миқдорда бозор бўшаяпти, деҳқонларимиз мева сабзавот етиштиришни 3-4 баробар кўпайтириши мумкин. Маҳсулот сотилгандан сўнг қайтариладиган кредит тизимини йўлга қўйиш керак” , -дейди Акбар Ҳусаинов.

Ҳусаиновга кўра тезкор қилинадиган ишлар қаторига маҳсулотни етказишда музлатгичли юк машиналарини ташкил қилиш ва маҳсулот асл ҳолида етиб бориши учун қадоқлаш сифатини оширишлар киради.

Бироқ, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ва ташқи бозорни таъминлаш учун ушбу соҳада тубдан ўзгартиришлар амалга оширилиши ва тизим яратилиши лозимлиги урғуланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ