Рустамжон Абдуллаев: Роғунни портлатиш мақоласини мен ёзганим йўқ

Image caption Рустамжон Абдуллаев ўзининг баҳсли мақолалари билан ҳам танилган.

Ўзбекистонлик олим номидан Тожикистонда барпо этилаётган Роғун тўғонини бомбалаш ҳақидаги мақола бутун Тожик жамиятини жунбушга келтирган. Академик Рустамжон Абдуллаевнинг Би-би-сига айтишича, "Центразия.ру" веб-сайтидаги мақолани ўзи ёзмаган.

4 август куни "Центразия.ру" Интернет сайтида "Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида йўлбошчилигини мустаҳкамлаш учун тезкор чоралар кўриши керак"(Узбекистан должен предпринять срочные меры для укрепления своей гегемонии в ЦАР, - академик Р.Абдуллаев) деб сарлавҳаланган мақола эълон қилинган.

Бу мақолада Ўзбекистон ўзининг қирувчи учоқларини Роғун ГЭСи қурилаётган жойга юбориб, энг замонавий бомбаларни ташлаб, тожикларни сув омбори қуриш фикридан қайтариш лозим, деган мазмундаги фикр айтилган.

Душанбедаги Би-би-си мухбири Мардон Муҳаммад айтишича, ушбу мақолага ҳам Тожик сиёсатчилари, ҳам расмий доиралар ва ҳам матбуот муносабат билдирган, ушбу мавзу Интернет ижтимоий тармоқларида катта муҳокамаларни келтириб чиқарган.

Мухолифатдаги Социал-Демократик партия раҳбари Раҳматулло Зойиров ҳам ушбу мақолани қаттиқ қоралаган.

"Бу мақола Тожикистон ҳукумати ва мухолифати ўртасидаги келишмовчиликларга чек қўйиб, ўртада бирликни юзага келтириши мумкин"лигини айтган.

"Ўзбек олимининг нуқтаи-назари Ўзбекистон ҳукуматининг мавқесини ифода этмаслиги, агар ифода этадиган бўлса, бу минтақада катта жанжалларга олиб келиши мумкинлиги" ҳақида огоҳлантирган Тожикистон Стратегик тадқиқотлар маркази.

Мухбиримизга кўра, охирги йилларда бир масала бўйича ҳам Тожик ҳукумати ва ҳам мухолифати томонидан бир мавқени изҳор қилиш "Центразия" веб-сайти мақоласи туфайли кузатилган, бундан олдин сиёсий рақиблар мавқелари доим бир-бириникидан фарқ қилган.

Интернетдаги мақола Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимовнинг Роғун ГЭСи қурилиши борасида Жаҳон Банки экспертлари хулосалари билан рози эмасликларини эълон қилиши ортидан чоп қилинган.

Би-би-си билан суҳбатда академик Рустамжон Абдуллаев "қандайдир провокатор" ўзининг номидан бу мақолани эълон қилганини айтди.

У "Центразия.ру" веб-сайти таҳририятига раддия йўллаганини айтди.

Бу раддия Интернетда эълон қилинган.

Унда Рустамжон Абдуллаев ўзининг "Научно-практический журнал "Фундаментальная экономика" деб номланган веб-сайтида эълон қилинмагунча ўзининг мақолаларини бошқа сайтларда кўчириб босмасликни маслаҳат берган.

Рустамжон Абдуллаев бундан олдин Тожикистон ва тожиклар мавзусида қатор мубоҳасали мақолаларни эълон қилган, бу мақолалар Тожикистонда норозиликларга сабаб бўлган.

У, шунингдек, Гулнора Каримовани Ўзбекистон маликаси деб эълон қилиш таклифини ҳам илгари сурган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ