Тожикистон чегарачилари Қирғизистон фуқаросини отиб қўйишди

Image caption Икки давлат ўртасида 560 чақирим баҳсли майдонлар бор

Тожикистон чегара қўриқчилари ва уч нафар от минган номаълум қуролли ўртасида юз берган отишмада Қирғизистон фуқароси нобуд бўлган.

Ҳодиса 9 август куни Тожикистондаги Тупакул аҳоли пункти яқинида рўй берган.

Бу ҳақда Тожикистон Давлат чегара хизматининг Жирғатол тумани бўлими маълум қилган. Айтилишича, Жирғатол чегара чизиғидан ўтган уч қирғиз фуқаросидан яна икки нафари тожик чегарачилари тарафидан ҳибс қилинган.

Қирғизистон чегара хизмати берган маълумотга кўра, қўлга олинганлар Тожикистон Хавфсизлик Хизмати муваққат ҳибсхонасида сақланмоқда.

'Қирғизлар овга боришган'

Мухбиримизга кўра, Ўш вилоятига қарашли Чўнғ Олой районининг уч нафар яшовчиси Тожикистон ҳудудига овчилик мақсадида кириб қолган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Айни пайтда улар қуролли қаршилик кўрсатишгани ҳам айтилади.

Қирғизистон чегара хизматининг Ўш ва Жалолобод вилоятлари бўйича бошқармаси бошлиғи Кубатбек Жеенбаевнинг билдиришича, бугун икки томон чегара хизматлари вакиллари ва маҳаллий ҳокимият расмийлари учрашиб, ҳодиса тафсилотларини ўрганишмоқда.

Мулоқотлар ниҳоя топганидан сўнг воқеа хусусида тўлиқроқ маълумот берилади.

"Бизда ҳозир фақат тожик тарафидан келган маълумот бор", деб айтган Жеенбаев.

Отиб ўлдирилган қирғиз фуқаросининг жасади Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органларига топширилган.

Икки қирғиз фуқароси эса, ҳануз Тожикистон Хавфсизлик хизмати ҳибсхонасида қолмоқда.

Айни пайтда Чонғ Олой тумани яшовчилари тўпланиб, тожик чегарачилари тарафидан ушланган қирғиз фуқароларини озод этилишини талаб қилишмоқда.

Чегарадаги баҳсли нуқталар

Тожик ва Қирғиз чегарасидаги баҳсли ҳудудлар муаммоси йилларки ҳал бўлмай келади. Икки давлат ўртасида 560 чақирим баҳсли майдонлар бор.

Томонлар баҳсли ерлар бўйича ўз қарашини ёқлайди ва у жойлар харита бўйича ўзига тегишли эканини айтади.

Кузатувчиларга кўра, иккала томон шўролар даврида белгиланган турли хариталарга асосланиб ўз хақлигини исботламоқчи, бу эса ҳал бўлмайдиган масаладир.

Қирғиз-тожик чегара чизиғининг баҳсли қисмлари аксари Боткен вилоятида жойлашган. Тожикистоннинг Жирғатол тумани Ўш вилояти билан чегарадош. Мазкур ҳудудларда чегаралар анчайин аниқланиб бўлинган, бироқ демаркация жараёни ҳали ҳам давом этмоқда.

Кузатувчиларга кўра, бундай нохуш ҳодисалар ҳар икки тарафдаги фуқаролар ўзаро муносабатларига салбий таъсир этиши мумкин.

Чегаралар аниқлаб бўлинган ҳудудларда можаролар кам учрайди. Келишмовчиликларнинг асосий қисми Боткен вилоятидаги чегараларда рўй беради.

Йил бошидан буён қирғиз-тожик чегарасида учинчи отишма кузатилмоқда. Низоларда жами уч киши нобуд бўлган, қатор инсонлар яраланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ