"Талко"ни "портлатмоқчи бўлганлар" устидан ҳукм ўқилди

Image caption Тожикистон Алюминий Заводи мамлакатдаги энг йирик корхона ҳисобланади

Тожикистонда маҳкама 7 шахсни "Талко" корхонасини портлатиб юборишга уринишда айбдор деб топиб, уларни 18 йилдан 22 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Етти нафар шахс шу йил баҳорида Тожикистон Алюминий Заводига эгалик қилувчи "Талко" корхонасини портлатишга уринишда гумон қилиниб, хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинганди.

Ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган маҳкамага журналистлар қўйилмаган.

Маҳкама ҳукмида баён этилишича, айбланувчилар мамлакат ташқарисида бўлган шахслар топшириғи билан "Талко" корхонасини портлатишни режалаштирганлар.

Толиб Шодиев, Аҳмаджон Мажидов, Азамат Абдуллоев, Тўрабой Равшанов, Абдулложон Раҳимов, Аскарали Бўриев ва Умар Ўрмонов жазони ўташ учун қаттиқ тартибдаги колонияга юборилган.

Уларнинг баъзилари "Талко" корхонасида кўп йиллар давомида меҳнат қилгани, баъзилари эса Турсунзода шаҳридаги турли муассасаларда ишлашгани хабар қилинади.

Турсунзода шаҳри Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилояти билан чегарадошдир.

Бироқ ҳимоячилар сўзларига кўра, Турсунзода туманида истиқомат қилган айбланувчиларнинг "Талко" корхонасини портлатиб юбориш уринишга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Ҳимоячиларнинг таъкидлашича, айбланувчилар ҳаттоки бир-бирларини ҳам танишмаган.

Ҳимоячилар чиқарилган ҳукмга эътироз билдириб, аппеляцион маҳкамага мурожаат қилишларини айтганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-0ж

Бу мавзуда батафсилроқ