Ашхабодда кемирувчилар кўпайиб кетмоқда

Хабарларга кўра, Туркманистон пойтахти Ашхободда хавфли юқумли касалликлар манбаси ва тарқатувчиси бўлган кемирувчилар кўпайиб кетган.

"Бу кундан-кунга сони ортиб бораётган каламуш уяларидан ҳам маълум", - дейилади хабарда.

Айни пайтда мамлакатда туляремия ва бошқа инфекциялар юқтирувчиси ҳисобланган тахтакананинг ҳам тарқалиб кетгани айтилади.

Туркманистон масалалари бўйича таҳлилчи Мекан Наврўзовга кўра, Туркманистон, айниқса, Ашхабодда дала кемирувчилари, каламушлар, бургалар ва бошқа касаллик тарқатувчи жониворларнинг кўпайиб кетгани анчадан бери маълум.

"Шу боисдан, Туркманистон соғлиқни сақлаш вазири ва санэпидемиология бошқармаси бошлиқлари кетма-кет вазифаларидан бўшатилдилар, кемирувчиларга қарши дорилар, асбоб-ускуналар сотиб олинди; чет эллик мутахассислар семинарлар, таълим дарслари ўтказишяпти. Бу чоралар самара бермаяпти", дейди таҳлилчи.

Сабаб нима?

Бунга биринчи сабаб қилиб, мамлакатда айни муаммога қарши курашувчи малакали мутахассислар йўқлиги экани айтилади.

"Бундан ташқари, Ашхабодда ҳаво жуда иссиқ; кўпқаватли уйларда канализация ишдан чиққан; ертўлалар сувга тўла, натижада юқоридаги ҳолат юзага келган", дейди Мекан Наврўзов.

Айрим кузатувчилар Ашхободда ит ва мушукларнинг қириб ташланганини ҳам кемирувчилар кўпайиши ортидаги сабаблардан бири сифатида кўрсатадилар.

"Дайди ит-мушуклар қириб ташланаётгани ҳам қисман сабаб, лекин асосийси эмас. Уларнинг ўзлари ҳам касаллик тарқатувчилар сирасига киради", дейди таҳлилчи Мекан Наврўзов.

Унинг айтишича, Туркманистоннинг 70 фоиз майдони чўл-саҳродан иборат экан, у азалдан кемирувчилар учун манзил бўлиб келган.

"Ҳукумат ҳашаматли бинолар қуришга, кетма-кет халқаро анжуманлар ўтказишга асосий диққатини қаратаётган пайт санитария эсдан чиқиб қолган", дейди Мекан Наврўзов.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02