Афғонистонда миллий бирдамлик келишуви имзоланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Келишув уч ой давом этган сиёсий инқирозга якун ясайди

Афғонистондаги президентлик сайловларининг иккинчи босқичида номзод бўлган Абдулло Абдулло ва Ашраф Ғани миллий бирдамлик ҳукумати тузиш ҳақидаги келишувни имзолашган.

Келишувга мувофиқ, Ашраф Ғани Президент лавозимини эгаллайди, Абдулло Абдулло эса Бош Ижроия Идораси раислиги (Бош вазир-таҳр.)га номзод кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритади.

Унинг ушбу лавозимга ўз номзодини илгари суриши кутилмоқда.

Кобулдаги келишувни имзолаш маросими телевидение орқали жонли эфирда олиб кўрсатилган.

Ғани ва Абдулло Кобулдаги Президент саройида битимни имзоландан сўнг, бир-бирларини қучоқлаб, табриклашган.

Баҳсли президентлик сайловларининг якуний натижалари энди эълон қилиниши керак.

Ҳокимиятни бўлишиш

Ҳар икки номзод бир-бирларини овозларни сохталаштиришда айблаганлар.

Жорий Президент Ҳомид Карзай ҳар икки сиёсатчини табриклаган ва битим "мамлакат тараққиётига хизмат қилиши" ни айтган.

Қўшма Штатлар келишувни "бирдамлик учун муҳим имконият" деб таърифлаган.

Ҳокимиятни бўлишиш ҳақидаги келишув сайловлардаги 8 миллион овоз қайта санаб чиқилиши ортидан имзоланмоқда.

Овозларни қайта санаш жараёнига АҚШ Давлат Котиби Жон Керри воситачилик қилган.

Битим нусҳасини кўрган Би-би-си мухбири Дэвид Лойннинг айтишича, янги Вазирлар Маҳкамасининг раиси Президент Ашраф Ғанига бўйсунади.

Битим уч ой давом этган сиёсий инқирозга якун ясайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ