Тожикистон муфтияти: "Ҳукуматни танқид қилиш гуноҳи кабирадир"

Мамлакатнинг олий диний органи ҳисобланадиган Тожикистон Исломий маркази ҳокимият танқидини "катта гуноҳ" деб ҳисоблайдиган янги фатво қабул қилган.

Янги қарорга мувофиқ, бунга ҳокимиятга нисбатан ишончсизлик пайдо қиладиган танқид, ҳукуматга ёқмайдиган фикр-мулоҳаза билдирадиган

халқаро ташкилотлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш ҳам киради.

Тақводор мусулмонларнинг бундай ташкилотлар билан бирор бир алоқада бўлишлари тавсия этилмайди.

Уламолар кенгашининг ўша қарорида Тожикистон фуқароларининг ўзга мамлакатлардаги жанговор амалиётлардаги иштироки ҳам қораланади.

"Одамларни ҳокимиятни ағдаришга чақириш ва гижгижлаш, мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштириш ва миллий бирдамликни шубҳа остига олишни ўз

олдига мақсад қилган маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, партиялар билан алоқа ҳамда ҳамкорлик қилиш гуноҳи кабира

ҳисобланади. Ушбу амалларни содир этганлар Оллоҳ ғазабига дучор бўлади ва нариги дунёда қаттиқ жазоланади", дейилган Исломий марказнинг

расмий қарорида.

Тожикистон ҳукумати шу йўл билан радикалларнинг кучайиб бораётган таъсирига қарши курашишга ва мамлакат исломийлашишига йўл қўймасликка

қарор қилган.

Жума куни Душанбе шаҳридаги марказий масжиддаги Жума намозидан олдин Тожикистон Бош муфтийси Саидмукаррам Абдуқодирзода минглаб намозхонлар

олдида маъруза қилган, у мисол сифатида Ливиянинг замонавий тарихини келтирган.

"Мана Ливиянинг халқи ўз раҳбари Муаммар Қаддофийга қарши чиқди, оқибати нима бўлди? Қаддофий даврида мамлакатда энг кам маош 750 доллар эди, 1 долларга 45 литр бензин сотиб олиш мумкин эди. Уни ҳокимиятдан ағдаришганидан кейин Ливия тартибсизлик, ўлим ва қонун амал қилмайдиган бошбошдоқлик остида қолди", деб айтган Тожикистон бош муфтийси ва бу хатоларни такрорламасликка чақирган.

Тожикистон муфтияти бундан олдин ҳам Тожик ҳукуматини қўллаб-қувватлаш кераклиги, ҳукуматни танқид қилмаслик лозимлиги ҳақида гапирган, лекин бу гал ушбу мавзуда алоҳида фатво қабул қилганлар.

Тожикистон Исломий марказининг қарори юридик кучга эмас, у тавсия характерига эга.

Аммо Тожикистон мусулмонларининг кундалик ҳаётида Ислом ва руҳонийлар тутган ўринни назарда тутиб шуни айтиш мумкинки, кўпчилик имомларнинг маслаҳатларига қулоқ тутади.

Айни пайтда расмий Душанбе ўзининг асосий сиёсий мухолифи санайдиган Тожикистон Ислом уйғониш партияси аъзолари янги фатводан ҳайратга тушганлар.

"Биз дунёвий давлатда яшаймиз, бундай фатволар одамлар учун жуда муҳим саналадиган шариат қонунларига асосланган мамлакатда эмас. Ҳокимиятнинг ҳам руҳонийлар фикрларига қулоқ солишлари мажбурий эмас. Лекин биз бу барча қарорлар сиёсатчиларнинг бевосита иштирокида қабул қилинишини яхши тушунамиз", деб айтган Тожикистон Ислом уйғониш партияси раисининг биринчи ўринбосари Саидумар Ҳусайний.

Конституция бўйича Тожикистон дунёвий давлат ҳисобланади, лекин ҳаётда ҳокимият мамлакатдаги диний институтларнинг фаолиятига аралашади, хусусан имом-хатибларни сайлаш пайтида.

"Янги қарорлари билан расмий уламолар ҳокимиятга яхши кўринишни истаганлар. Бироқ бунинг таъсири аксинча бўлади", дейди "Озодагон" медиа-холдинги таъсисчиси Зафар Сўфий.

Унинг фикрича, ушбу фатво ҳокимият амалларини танқид қиладиган журналистлар ва оммавий ахборот воситалари учун ўзига хос огоҳлантириш сифатидаги «биринчи қўнғироқ» ва бундай қадамлар хавотирга сабаб бўлмаслигининг иложи йўқ.

"Охир-оқибатда журналистларнинг ҳуқуқларини жиддий чегаралаб қўядиган ҳақиқий қонун қабул қилинишини ҳам истисно этиб бўлмайди", дейди Зафар

Сўфий.

Сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати диндорларнинг ҳуқуқларини бузгани учун кўплаб танқидларга тутилди.

Булар – масжидларни текшириш ва ёпилиши, диний партия ва ҳаракатларнинг тарафдорлари бўлганлар устидан бўлиб ўтган кўп сонли маҳкама жараёнлари, исломий либос кийган ва соқол қўйган диндорларнинг таъқибга олиниши эди.

Буларга қарамасдан, кўплаб кузатувчилар охирги йилларда Тожикистонда динга қизиқиш кучайганини урғулайдилар, ҳатто диндор саналмаган оилалар ҳам ўз фарзандларини исломий мадрасаларга таълим олишга бераётганлари кузатилмоқда.