Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Москвада мусулмонлар ОМОН билан нега тўқнашди?

Москва полицияси ўтган жума "Тарихий масжид" ёнида юз берган тартибсизликларни келтириб чиқаришда гумон қилинаётган икки шахсни ҳибсга олган.

Гумондорларнинг Ингушетия фуқаролари экани айтилади.

Жума куни Россия пойтахтининг "Большая Татарская" кўчасида жойлашган қадимий масжидида жума намозидан сўнг юз берган ҳодисада юзлаб мусулмонлар махсус полиция бўлинмаси -ОМОН билан тўқнашган.

27 сентябр куни интернетда пайдо бўлган видеода бир неча юз киши полицияга тегишли автобус ва ОМОН жангчиларини қуршаб олгани акс этган.

Улар милиция томонидан дўппосланганини айтган автобус ичидаги шахсни озод этишни талаб қилганлар.

Аммо орадан бироз вақт ўтиб, норозилик қатнашчилари қўлига кишан солинган бу шахсни автобусдан ўзлари озод қилишади.

'ОМОН таҳқирланди'

Интернетда ярим миллиондан кўпроқ одам томоша қилган ҳодиса юзасидан фаразлар турлича.

Айрим мусулмонлар полиция бегуноҳ мусулмонни ушлагани ва дўппослаганини айтишса, расмийлар ҳибсга олинган шахс жамоат тартибини бузишга уринганини айтишади.

Полицияга кўра, қўлга олинган ингушетиялик ўзининг BMW русумидаги машинаси билан мусулмонлар намоз ўқиб турган жойдан ўтишга уринган ва масжид атрофида тартибни сақлаётган полициянинг тўхташ ҳақидаги буйруғига қулоқ солмаган.

Унинг бир полиция ходимига бориб урилганидан сўнг тўхтатилиб, ҳибсга олингани айтилади.

"Тарихий масжид" маъмурияти ҳам тартибсизликлар намозхонлардан бирининг айби билан юз берганини айтган.

Ҳодиса ортидан гумондор билан бирга бошқа бир неча мусулмон ҳам полиция идорасига олиб кетилган.

Уларнинг маъмурий тартибни бузишда гумон қилингани айтилади.

Хабарларга кўра, икки кишига нисбатан Жиноят кодексининг "ҳокимият вакилига нисбатан куч ишлатиш" банди бўйича иш қўзғатилган.

Россия матбуоти "мусулмонлар ОМОН автобусини забт этгани" ва "ОМОНни таҳқирлагани" ҳақида ёзган.

Ҳодиса тафсилотларини ўрганган москвалик инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россия полицияси мусулмонларга нисбатан қонунсизликларни содир этган ҳолатлар кўп, аммо "Тарихий масжид" ёнида юз берган ҳодиса бундай ҳолатлар жумласидан эмас.

"Россия мусулмонларининг муаммолари кўп. Аммо бу бир шахснинг қилган ҳаракати. Агар ОМОН тарафидан провокация бўлганида тўсатдан бостириб келиб, ҳаммани олиб кетган бўлар эди. Бундай буйруқ бўлган эмас",- дейди ҳуқуқ фаоли.

Унинг айтишича, сўнгги ҳодиса боис Қурбон Ҳайити куни Москвада хавфсизлик чораларининг янада кучайтирилиши ва текширишларнинг кўпайишини кутиш мумкин.