Путин Қозоғистонга сафар қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Россия Президенти Владимир Путин ишчи сафари билан Қозоғистонга борган.

Сафар икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми кескин тушиб кетган паллага тўғри келган.

Кремлнинг билдиришича, Путин Атираудаги XI Россия ва Қозоғистон минтақавий ҳамкорлик Форумида иштирок этади ва Президент Назарбоев билан Овросиё Иқтисодий Иттифоқи доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилади.

Бу Президент Путиннинг шу йил августида Қозоғистонда норозиликларга сабаб бўлган баёноти ортидан илк ташрифидир.

Россия Президенти "Селигер-2014" бутунроссия ёшлар форумидаги чиқишида ҳозирги Қозоғистон ўрнида давлатчилик бўлмагани, Президент Назарбоев тарихда биринчи қозоқ давлатини барпо этганлигини айтган эди.

Бунинг ортидан Президент Назарбоев Қозоғистон Овросиё Иттифоқидан чиқиб кетиш билан таҳдид қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Қозоғистондаги норозиликлар манзарасида тушунтириш беришга мажбур бўлган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Президент Путиннинг сўзлари нотўғри талқин қилингани, Россия раҳбари Президент Назарбоевнинг Қозоғистонда давлатчилик барпо этишга қўшган улкан ҳиссасини таъкидлаганини айтган.

Россиянинг Украина шарқидаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлаши катта сондаги русийзабон аҳолига эга бўлган Қозоғистонда хавотирлар уйғотган.

Иқтисодий пасайиш

Айни пайтда Украина шарқидаги воқеалар сабаб АҚШ ва Оврўпо Иттифоқининг Россияга нисбатан жорий этган жазо чоралари Қозоғистон иқтисодига ҳам салбий таъсир кўрсата бошлаган.

Қозоғистон Тадбиркорлар миллий палатаси раисининг ўринбосари Раҳим Ўшақбаевнинг айтишича, жазо чоралари сабаб икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми пасайиб кетган.

"Жорий йилнинг биринчи чорагида Россия ва Қозоғистон ўртасидаги савдо ҳажми кескин тушиб кетди. Импорт ҳам, экспорт ҳам камайди. Сабаби биз муштарак иқтисодий муҳитга эгамиз ва иқтисодий башоратлар умидбахш эмас", - деб айтган қозоқ мулозими душанба куни Атираудаги бизнес форумда.

Tengrinews агентлигининг Ўшақбаевнинг сўзларидан иқтибос келтиришича, Россиянинг ўзида бу йил ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 10 фоизга пасайиши, рублнинг долларга нисбатан қиймати 49га қадар чиқиши кутилмоқда.

"Буларнинг ҳаммаси тушкунлик ва пулнинг қадрсизланиши билан боғлиқ кутишларга етаклайди", - деб айтган Қозоғистон Тадбиркорлар палатаси раисининг ўринбосари.

Россия ҳукумати Овросиё Иттифоқини АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи киритган жазо чораларининг салбий таъсиридан ихоталашга ваъда берган, аммо ҳозиргача бу борадаги аниқ тадбирлар режаси номаълум.

Атираудаги икки томонлама музокаралар чоғида Путин ва Назарбоев 10 октябр куни Минскда ўтадиган Божхона ва Овросиё Иттифоқларининг саммити кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашишлари билдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ