Жаноб Раҳмон йўқлиги учун 'хавфсизлик чоралари кучайтирилди'ми?

Тожикистон пойтахти Душанбедан олинаётган хабарларга кўра, шаҳарга кириш жойларида зирҳли техника ва қуроллланган ҳарбийлар жойлаштирилган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ва махсус хизматлар кучайтирилган хавфсизлик ҳолатига ўтказилганлар.

Бундай вазият 8 октябр тунидан кузатилмоқда.

Турли оммавий ахборот воситалари Душанбе шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилгани сабаби ҳақида турли хабарларни тарқатганлар.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг Avesta веб-сайтига айтишича, бу Тожикистон пойтахтининг 90 йиллигини нишонлашга тайёргарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Бироқ Asia-Plus ахборот агентлиги Душанбе шаҳар Ички ишлар бошқармасига таяниб хабар қилишича, бу чоралар Президент Имомали Раҳмоннинг Минскка сафари билан боғлиқ.

9 октябр куни Беларус пойтахтида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Овросиё Иқтисодий ҳамжамиятига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг саммити режаланган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ҳам Минскка йўл олгани ҳақида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари хабар тарқатганлар.

Душанбе шаҳар милициясидан айтишларича, Президент Имомали Раҳмон ватанига қайтиши билан ушбу хавфсизлик чоралари бекор қилинади.

Пойтахт милициясидаги манба, бу чоралар 10 октябрга чақирилган норозилик митинги билан боғлиқ эмас, деб айтган.

Интернетда Тожик мухолифатининг "Группа 24" деб номланган ташкилоти 10 октябр куни Президент Имомали Раҳмон бошқарувига қарши норозилик митингига чақирган видео эълон қилинган.

Бу видеода ҳам Тожикистон ичкарисида ва ҳам хорижда норозилик акциясини ташкиллаштиришга чақириқ янграган.

Ozodagon веб-сайти хабар қилишича, Душанбе шаҳрининг айрим биноларида аксилҳукумат ёзувлар пайдо бўлган.

Ozodagon манбаси Тожикистон пойтахтининг "Автовокзал" мавзесида 8 октябр куни бир ёзув пайдо бўлгани, бироқ ҳуқуқ-тартибот органлари бу ёзувни тезда ўчиришга муваффақ бўлганлари ҳақида айтган.

Расмийлар бозордаги бўёқ сотувчилардан ким бўёқ сотиб олгани ҳақида сўраб-суриштирув ишлари ўтказаётгани ҳақида хабар қилган веб-сайт.

5 октябрдан бошлаб Тожикистонда мавжуд ҳамма 8 Интернет провайдерлари орқали Facebook ижтимоий тармоғига кириш имконсиз бўлиб қолган.

Июн ойидан бери Тожикистонда Youtube видео порталига ҳам кириш имкони йўқ.

Asia-Plus агентлиги Тожикистонда деярли 300 веб-сайтга кириш йўли ёпилганини хабар қилган.

Тожикистон шимолидаги Суғд вилоятида Интернет алоқаси деярли йўқолган.

Бу мавзуда батафсилроқ