Қирғизистонда Кобани ҳимоясига намойиш

Етмишга яқин маҳаллий курдлар пойтахт Бишкекда намойишга чиқиб, халқаро ҳамжамиятдан Кобанидаги миллатдошларини асраб қолишни талаб қилишган.

Махсус фоторепортажимизда:

Ҳозирда "Исломий Давлат" гуруҳи билан "ҳаёт-мамот" жанглари кечаётган Суриянинг Кобани шаҳридаги курдларнинг ҳимоясига бағишланган намойиш Қирғизистон пойтахтидаги "Максим Горький" номли хиёбонда бўлиб ўтган.

Ҳозирча Марказий Осиёда биринчи бор кузатилаётган бу каби намойишга етмишга яқин маҳаллий курдлар чиқишган.

Намойишчилар Бирлашган Миллатлар ва бошқа халқаро ташкилотларга мурожаат қилиб, уларни Кобанидаги курдларга кўмак беришга даъват қилишган.

Ўз ўрнида, улар Қирғизистон ҳукуматини Сурия ва Ироқнинг каттагина ҳудудларида ўз исломий халифалигини эълон қилган "Исломий Давлат" гуруҳини қоралашга ҳам чақиришган.

Бишкекда бўлган мухбирларимизга кўра, бир неча соат давом этган намойиш тинч якунланган.

Намойишчилар ўз талаблари битилган мурожаатномаларини БМТ, Олмония, Франция, Туркия, АҚШ ва Россия элчихоналарига юборишларини билдиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Энг сўнгги хабарларга кўра, бир неча кундан буён давом этаётган жанглар сабаб, Кобанини кўпчилиги курдлардан иборат 200.000 га яқин суриялик тарк этган.

Шаҳар учун олиб борилаётган жангларда камида 400 инсоннинг ҳалок бўлгани ҳам айтилади.

Бир неча ҳафтадан буён қамалда қолаётган Кобанини қўлга киритиш "Исломий Давлат"га Туркия чегарасига яқинлашиш ва ўзаро чегарадаги каттагина ҳудудни ўз назорати остига олишга имкон беради.

Шу пайтгача имконли бўлган хабарларда исломий жангарилар шаҳарнинг қарийб учдан бир қисмини босиб олишгани айтилганди.

Аммо, бугун аён бўлишича, АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучларининг давомий ҳаво ҳужумлари ўз самарасини берган.

"Исломий Давлат" гуруҳи шу пайтгача эгаллаган мавқеъларидан жилолмай қолган.