Тожикистонда sms алмашиш тақиқланди

Image caption Душанбе шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Тожикистондаги мобил операторлари абонентлар ўртасида sms алмашиш хизматини ўчириб қўйдилар.

Операторлар буни техник муаммолар билан изоҳлашмоқда, аммо бир неча ширкат вакилларининг хабар беришича, қисқа муждалар юбориш ва қабул қилиш Тожикистон ҳукумати топшириғи билан бекор қилинган.

Бугун Тожикистонда мухолифат намойишлари бўлиб ўтилиши кутилаётганди.

Президент Имомали Раҳмон ҳукуматини ағдариш чақириғи билан корчаллон Умарали Қувватов бошчилигидаги "Гуруҳ 24" ташкилоти чиққан.

Пайшанба куни Тожикистон Олий маҳкамаси "Гуруҳ 24"ни экстремист ташкилот дея эълон қилди.

Аввалроқ Тожикистонда Facebook, "Вконтакте" ва "Одноклассники" сингари ижтимоий тармоқлар ва YouTube видео портали беркитиб қўйилганди.

Мазкур тармоқлар "Гуруҳ 24" Тожикистон аҳолисини 10-октябр куни оммавий намойишларга чақириши ортидан беркитилган эди.

Айни пайтда охирги кунларда Душанбе шаҳри кўчаларида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва намойишларга қарши нақлиёт воситаларининг сони кескин ортган.

Душанбе шаҳрига кириш нуқталарида зирҳли уловлар жойлаштирилган ва полиция ходимлари Тожикистон пойтахтига кираётган барча автомобилларни текширувдан ўтказмоқдалар.

Ўтган ҳафта Душанбе шаҳрида Қурбон байрами ўтказилар экан барча имом-хатиблар мусулмонларни ҳукуматга қарши намойишлардан тийилишга чақирган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ