'Рустам Азимов газ муаммосини муҳокама этишни хоҳламади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистонда қарорни бир инсон қабул қилади

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил айтишича, Минскдаги МДҲ раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан нега Қирғизистон жанубига газ узатилмаётгани борасида гаплашишга муваффақ бўлган.

10 октябр куни Беларус пойтахтида Овросиё Иқтисодий иттифоқи ҳамда Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди, саммитда ҳукуматлар аъзолари ҳам иштирок этди.

Учрашув якунида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Украина Президенти Пётр Порошенкони МДҲ раҳбарлари саммитида иштирок этмагани учун танқид қилди.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил парламентдаги ўз фракцияси аъзоларига ҳисобот берган, бу ҳисоботида Ўзбек-Қирғиз газ муаммосини ҳал этиш йўлида қилган уриниши қандай якунланганини ҳикоя қилиб берган.

"Қирғизистон парламентидаги "Республика" фракцияси аъзолари қаршисида Бош вазир ўринбосари Валерий Дил айтишича, Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов, газ узатилмаётгани сабаби шартнома йўқлигида, деб айтган.

Шу йилнинг 10 апрелида Россиянинг "Газпром" ширкати Қирғизистоннинг "ҚирғизГаз" ширкатини 1 АҚШ долларига сотиб олган.

Ўшанда Президент Алмазбек Атамбаев билан учрашган "Газпром" раҳбари Алексей Миллер келажакда Қирғизистоннинг газ тармоғини ривожлантириш йўлида йирик сармоя ётқизиш ниятида эканларини айтган.

""Қирғизгаз"нинг 40 миллион доллар қарзини яқин 5 йилликда тўлаб, келажакда Қирғизистоннинг газ тармоғини ривожлантириш учун 600 миллион доллар сармоя жалб этишни режалаштираяпмиз" - деб айтган "Газпром" раҳбари.

Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишни 14 апрел кунидан тўхтатиб қўйган.

"Ўзбекистон газ бермоқчи ҳам, буни муҳокама ҳам қилмоқчи эмас"

Қирғиз Бош вазири ўринбосари Валерий Дилнинг Ўзбек ҳамкасби Рустам Азимовга иқтибосан айтишича, "янги корхона - "Газпром Кыргызстан" билан ҳуқуқий асос бўлмагани учун Ўзбекистон Қирғизистон жанубига газ узатишдан бош тортган".

"Бироқ Азимов ушбу масалани нега яна муҳокама этмоқчи эмаслиги борасида изоҳ бермади", деб айтган Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Валерий Дил.

Ушбу мавзу Қирғизистон матбуотида ёритилганидан кейин Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларида кенг баҳсу-мунозараларга ҳам сабаб бўлган.

Ўқувчи ва Интернет фойдаланувчилари "газ мурватини ишга солиб қўшниларига сиёсий босим ўтказиш" Ўзбекистон ҳукуматига хос сиёсат эканини ёзганлар.

Тожикистонда Ўзбек гази билан боғлиқ муаммо Тожикистон Роғун ГЭСини қуришга киришганидан кейин бошланганини эслатадиган ўқувчилар Қирғизистон ҳам Қамбар-Ота ГЭСи қурилишини бошлаганидан кейин қўшнисининг "ғазабига учрагани"ни айтадилар.

"Шунинг учун шартнома йўқлиги сабаб эмас, оқибат", дея фикр билдирган "имя мое" деган ном билан фикр билдирган ўқувчи.

Президент Атамбоев, Ўзбекистон газ таъминотини тиклаш эвазига Қирғизистон олдига бажариб бўлмас шартлар қўймоқда, деб айтган.

"Улар бизнинг Чўнғ-Олой водийсидан ўтадиган Туркманистон-Қирғизистон-Хитой газ қувурига уланмаслигимизни талаб қилишаяпти. Ўзбекистон мамлакат жанубига газ таъминотини қайта тикламоқчи эмас", дея Президент Атамбоевдан иқтибос келтирган "Вечерний Бишкек" рўзномаси.

"Қирғизистон қўшниларидан газ беришни сўраб ялинмайди. Мен "Газпром"дан газ инқирозидан чиқиш йўлини топишни сўрадим. Россия ширкати Қозоғистоннинг Талас вилоятидан мамлакат жанубига газ қувури тортиб келтиради", деб айтган Президент Атамбоев.

Қирғизистон президенти Ўш шаҳри аҳолисига давлат ҳисобидан суюлтирилган газ балонлари етказиб берилиши ҳақида айтган.

Қирғиз матбуотида Ўзбекистон Ўшга газ таъминотини қайта тиклаш учун Сўх анклавига йўлак очиб беришни талаб қилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Аммо расмий Тошкент бу каби талаб илгари сурилганини тасдиқламаган.

Қирғизистондаги айрим нашрлар Ўзбекистон бунга қўшимча расмий Бишкекдан Норин ГЭСи қурилиши юзасидан халқаро экспертиза ўтказиш талабини ҳам газ масаласига боғлаётгани ҳақида ёзишган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ