Қозоғистон парламенти Ўзбекистонни "ғирромлик"да айблади

Қозоғистон парламенти вакиллари Ўзбекистонни икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларида "ғирромлик" қилишда айбладилар.

Вакиллар даъвосига кўра, Ўзбекистон, ўзаро келишувларга қарамасдан, қозоқ маҳсулотларига акциз солиғини йилдан-йилга ошириб келмоқда.

Улар муаммо муроса йўли билан ҳал қилинмаса, ўхшаш чораларни Ўзбекистондан келтириладиган маҳсулотларга ҳам жорий қилиш лозимлигини таъкидладилар.

Қозоғистон парламенти вакиллари номидан "Ақ жўл" партияси аъзоси Нурлан Жазилбеков мамлакат бош вазирга мавжуд муаммони ҳал қилиш чақириғи билан чиқди.

Жазилбеков жанобларининг таъкидлашича, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида "Эркин савдо тўғрисида" битим бўлсада, Ўзбекистон томони қозоқ товарларини давомли чеклаб келмоқда.

1997 йили имзоланган мазкур битимга мувофиқ, икки мамлакат импорт ва экспорт товарларига ҳеч қандай солиқ ва йиғимлар жорий қилмаслиги лозим.

"Жумладан, Қозоғистон томонидан олиб кириладиган барча турдаги товарларга нисбатан акциз солиқларини жорий қилди. Бу қозоғистонлик ва ўзбекистонлик товар ишлаб чиқарувчиларга нобаробар шарт-шароитларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари Ўзбекистон томони акциз солиқларини йилдан йилга ошириб келмоқда", - дейди Нурлан Жазилбеков.

Ўзбекистон 2011 йилдан бери Қозоғистондан олиб келинаётган ўсимлик ёғига 10%, қандолат, колбаса, мебел ва текстил маҳсулотлари учун 50% лик акциз солиғи жорий қилиб келаётгани маълум қилинди.

Телевизорларга 60%, сут маҳсулотлари, шарбат ва тухумга 70 %, алкоголсиз ичимликларга 100%, музқаймоққа 200 % солиқ ўрнатилган.

Жаноб Жазилбековнинг билдиришича, 2013 йили Ўзбекистон яна 45 турдаги маҳсулотга акциз солиқларини жорий қилган.

Аммо Қозоғистон ўзбек маҳсулотларига ҳеч қандай солиқ солмайди.

Ўзбекикстон ва Қозоғистон ўртасида савдо-сотиқ ҳамда бизнеснинг силлиқ кечмаётгани бундан олдин бир неча муаммолар орқали маълум бўлган эди.

Бир неча қозоқ тадбиркорлари Ўзбекистонда бизнеси тортиб олинганини маълум қилишган.

Қозоғистон техник талабларга жавоб бермайди, деган важлар билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи "Нексия" ва "Матиз" автомобиллари импортини чеклаб қўйди.

Бироқ, бир неча ой ўтиб мазкур ушбу тақиқлар яна бекор қилинди.

Бу қозоқ тадбиркорларининг норозилигига сабаб бўлди.

Улар Қозоғистонда ишлаб чиқарилган автомобилларнинг Ўзбекистон машиналари сингари ҳеч қандай солиқларсиз Ўзбекистонга импорт қилиниши кераклигини талаб қилишди.

Акс ҳолда, ўзбек машиналаридан ҳам божхона тўлови ундирилишини сўрашди.

2013 йилнинг август ойида икки йиллик музокаралар охирида Қозоғистон томони акс чоралар кўриш ҳақидаги таҳдидлар қилганидан сўнг Ўзбекистон қозоқ унига қўйилган акцизларни 15 %дан 11% га туширишга мажбур бўлди.

Қозоғистон томони бу сафар барча маҳсулотларга нисбатан акциз ва йиғимларни икки давлат ўртасида бир хил кўринишга келтиришга ҳаракат қилмоқда.

"Қозоғистон бизнеси учун Ўзбекистон бозорларидаги эшиклар ёпилиб бормоқда. Бундай саҳоватпешалик тўғридан тўғри миллий ишлаб чиқарувчиларимизга салбий таъсир ўтказмоқда. Шунинг учун ҳам Қозоғистон товарларининг ушбу давлатга киришидаги тўсиқларни йўқотиш учун акс чораларни қўллаш зарур деб ўйлаймиз", - дейди Нурлан Жазилбеков.

Жазилбеков бош вазир Карим Масимовдан мавжуд муаммони Ўзбекистон билан музокаралар олиб бориш орқали ёки Ўзбекистондан кириб келувчи маҳсулотларга акциз жорий этиш орқали ҳал қилишни сўради.