Британия Афғонистондаги сўнгги ҳарбий базасини тарк этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи MOD

Британия ҳарбийлари Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида жойлашган ҳарбий базаси устидан назоратни Афғон қўшинларига топширган.

Ҳелманддаги база Кэмп-Бастион деб аталган.

Кэмп-Бастиондан Би-би-си мухбири Жонатан Бил шундай хабар қилади:

"Ҳелманд устида Британия байроғи 2006 йилдан буён ҳилпираб турарди. Британия қўшинларининг аксари учун асосий ҳарбий база бўлган Бастионда оддий маросим бўлиб ўтди - унда Британия байроғи охирги марта туширилди. Бу сониялар рамзий - камида Британия учун - унинг Афғонистондаги уруши ниҳоясига етди".

Ҳарбий базани Афғон қўшинларига топшириш маросимида Афғонистон, АҚШ ва Британия мадҳиялари ижро этилган.

Энди Ҳелманддаги энг йирик ҳарбий база Афғон хавсизлик кучларининг назоратига ўтди.

Шунингдек, қўшни Кэмп-Левернек базаси ҳам афғонлар тасарруфига берилган.

Кэмп-Левернек АҚШ базаси эди.

Британия АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор амалиётларига 2001 йилда қўшилган, Кэмп-Бастионда Британ ҳарбийларининг аксари жойлашган.

2009 йилда у ерда 10000 Британия ҳарбийси бўлган.

Бундан ташқари жанубий Афғонистонда 137 Британия патрул базаси фаолият юритган.

База Британиядаги Рединг шаҳри катталигига тенг бўлган, унинг периметри қарийб 35 ярим километрни ташкил этган.

2001 йилдан буён Афғонистонда жами 140000 британиялик ҳарбий бўлган.

Расмийларга кўра, Британия қўшинларининг Афғонистондаги ҳозирлиги 30 миллиард АҚШ долларига тушган.

Афғонистонда 452 Британия ҳарбийси ҳалок бўлган.

2014 йил Афғонистондан хорижий қўшинларни олиб чиқишнинг охирги йили этиб белгиланган.

Келгуси йилдан Афғонистонда кам сондаги Британия ҳарбийлари қолади.

Уларнинг асосий вазифаси Кобул шаҳридаги ҳарбий академияни бошқариш бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ