Каримов: 'Афғонистон Ироққа айланиши мумкин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жаноб Каримов Ироқдаги ораларида ўзбеклар ҳам бор деб ишониладиган "Исломий давлат" гуруҳини тилга олмаган

Президент Ислом Каримов халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши нафақат Марказий Осиё, балки ундан ташқарида ҳам хавфсизликка таҳдиднинг кучайишига олиб келишини айтган.

Туркманистонга сафари чоғида гапирган жаноб Каримовга кўра, Афғонистонда юзага келадиган сиёсий бўшлиқни "ҳеч ким томонидан бошқарилмайдиган турли-туман бузғунчи ва террорчи кучлар" тўлдириши мумкин.

"Қисқа қилиб айтганда, - деган Ўзбекистон Президенти, - Ироқдаги вазият қайтарилиши мумкин".

Ўзбекистон раҳбари ҳозирда Ироқ қа Суриянинг катта ҳудудларини назорат қилаётган ва ораларида ўзбеклар ҳам бор деб ишониладиган "Исломий давлат" гуруҳини тилга олмаган.

Аммо аввалроқ Яқин Шарқдаги "янги ва янги террорчи гуруҳлар" Ўзбекистон ва минтақага таҳдид солишини айтган эди.

Жаноб Каримовнинг Афғонистон борасидаги баёноти Ўзбекистон давлат телеканали 25 октябр куни намойиш этган махсус кўрсатувда янграган.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан музокаралар чоғида Президент Каримов Ўзбекистон Афғонистон билан икки давлат манфаатларига таянган алоқаларни ривожлантиришини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Президент Каримов Афғонистонда сиёсий бўшлиқ юзага келишидан огоҳлантирган

Ўз навбатида туркман раҳбари Тошкент ва Ашхободнинг Афғонистон борасидаги мавқеълари якдил эканини урғулаган.

"Туркманистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Афғон муммосининг халқаро ташкилотларнинг фаол иштирокида тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши тарафдори", деб айтган жаноб Бердимуҳамедов.

Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга навбатдаги ташрифи АҚШ ва НАТО Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиб кетаётган пайтга тўғри келган.

Якшанба куни Британия ҳарбийлари Афғонистондаги энг сўнгги ҳарбий базаси - Ҳелманд вилоятида жойлашган "Кэмп-Бастион" ни тарк этган.

Сўнгги пайтларда Афғонистонга қўшни Ўзбекистон ва Туркманистон чегарани мустаҳкамлаш чораларини кўраётгани ҳақида хабарлар олинган.

Жаноб Каримовдан фарқли ўлароқ, Туркманистон раҳбари Афғонистонда вазиятнинг беқарорлашиш эҳтимоллари борасида очиқ баёнотлар қилмаган, аммо ғарб матбуоти туркман ҳукумати Афғонистон билан чегарада "мисли кўрилмаган хавфсизлик чоралари"га қўл ураётгани ҳақида ёзган.

"The Diplomat" нашрининг ёзишича, расмий Ашхобод, афтидан, толибларнинг ўз чегарасига яқин ерларда фаоллашаётганидан ташвишда.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий вилоятларида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларининг фаоллашгани айтилади.

Ўтмишда Ўзбекистон ва Туркманистоннинг Афғон Толибонига нисбатан сиёсати турлича бўлган.

Туркманистон ўзининг бетарафлик сиёсати билан Толибон таҳдидидан бир қадар ихоталанган бўлса, Ўзбекистон бошида толибларга қарши фаол мавқеъни эгаллаган.

Аммо Толибон ҳокимиятда бўлган сўнгги йилларда расмий Тошкентнинг мавқеъи юмшаган ва Президент Каримов Толибонни "минтақага таҳдид эмас" деб эълон қилган эди.

Президент Каримов ўзининг сўнгги чиқишларида Ўзбекистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслигини таъкидлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ