Москва полицияси 27000 муҳожирни ушлаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Москва полицияси хабар қилишича, "Мигрант-2014" деб ном берилган амалиётнинг етти куни мобайнида 27 минг хориж фуқароси ҳуқуқ-тартибот идораларига етказилган.

Расмийларга кўра, бу тадбирдан кўзланган мақсад, Москвадаги ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий хавфсизлик вазиятини яхшилашдир.

Бундай "тозалаш" амалиётининг 23 октябрдан 2 ноябргача ўтказилиши режаланган.

Россия Ички ишлар вазирлигининг Москва шаҳри бошқармаси матбуот хизматига кўра, чет элликларни ушлашдан мақсад, уларнинг шахсини аниқлаш, бирор бир жиноятга алоқадор ёки алоқадор эмаслигини аниқлаш, Россия ҳудудида бўлишига рухсат берадиган ҳужжатлари қонуний-ноқонунийлигини текшириш бўлган.

Москва полицияси 7000 киши маъмурий жавобгарликка тортилгани ҳақида хабар қилган.

Ноқонуний муҳожирлик банди бўйича 129 жиноят иши қўзғатилган.

126 инсонни Россия ҳудудидан мажбурий чиқариб юборишга қарор қилинган, 837 кишига эса мамлакатни мустақил тарк этишга буйруқ берилган.

Москвалик журналист Давлат Қудратга кўра, бундай "тозалаш" амалиётлари ҳар йили ўтказилади, бунга туртки берган сиёсий ва иқтисодий омиллар бор.

Бундай тадбирлари билан россиялик ҳуқуқ-тартибот органлари, сиёсатчилар Россия халқига ўзларининг ноқонуний муҳожирларга қарши кураш олиб бораётганларини намойиш этишни истайдилар, дейди у.

Айни пайтда Тожикистоннинг Москвадаги элчилиги бу мамлакатнинг юзлаб фуқаролари оммавий ҳибс қилинганлари ҳақида пайдо бўлган хабарларни рад этиб чиққан.