Қирғизистон: Ўзбек раҳбарлари умрбод қамоққа ҳукм этилди

Image caption Зўравонликлар чоғи юз минглаб ўзбеклар Ўзбекистонга қочиб ўтишган

Ўш шаҳар маҳкамаси Қодиржон Ботиров ва Иномжон Абдурасуловни 2010 йил июнидаги зўравонликларда айбдор деб топган ва умрбод қамоқ жазосига маҳкум этган.

Қирғиз бош прокуратурасининг хабарида айтилишича, мамлакат жанубидаги зўравонликларда айбланган яна бир шахс - К. Абдуллаевага 16 йиллик қамоқ жазоси берилган.

Ўзбек жамоаси раҳбарлари миллий низо қўзғаш ва 2010 йил июнида Ўш ва Жалолобод шаҳарларида юз берган зўравонликларни ташкиллаштиришда айбланганлар.

Ўш маҳкамаси айбланувчиларни сиртдан ҳукм қилган.

Ҳозирда Швецияда яшаётган Қодиржон Ботиров 2011 йилда Жалолобод маҳкамаси томонидан ҳам бир умрлик қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Қирғиз маҳкамаси унинг кўп миллионлик мол-мулкини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган.

Қодиржон Ботиров қирғиз маҳкамасининг айбларини қатъиян рад этган ва қирғиз расмийларини ўзига қарашли мол-мулкни ўзлаштиришда айблаган.

У қонли воқеаларда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги муваққат ҳукуматини айблаган.

Image caption Қодиржон Ботиров қирғиз маҳкамасининг айбларини рад этган

Расмий Бишкек этник зўравонликларда собиқ президент Қурманбек Бакиев ҳамда ўзбек жамоаси раҳбарларини айблайди.

2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида содир бўлган тўқнашувларда 400 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, юз минглаб ўзбеклар қўшни Ўзбекистонга қочиб ўтишган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари такшилотлари жабрланганларнинг аксарияти ўзбеклар бўлгани ҳолда, ҳодисалардан сўнг бошланган ҳибсга олишлар ва маҳкама жараёнларида асосан ўзбекларнинг нишонга олинганини қоралашган.

Ҳодисаларга алоқадорликда айбланиб, маҳкамага тортилганлар ўзларига нисбатан қийноқлардан шикоят қилишган.

Ҳодисаларни текширган финландиялик дипломат Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро комиссия "маҳкамада тўлиқ тасдиғини топса, 2010 йилнинг 11-13 июн кунлари Ўш шаҳрининг айрим маҳаллаларида уюштирилган муайян ҳужумларни инсониятга қарши жиноят сирасига киритиш мумкин"лигини айтган.

Қирғизистон парламенти жаноб Килюненнинг хулосаларини рад этган ва унинг Қирғизистонга киришини тақиқлаган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қонли воқеаларда "учинчи кучлар"ни айблаган.

Кузатувчилар ҳодисалардан 4 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги тангликнинг сақланиб қолаётганини айтишади.

Бу мавзуда батафсилроқ