НАТО янги котиби Йенс Столтенберг Афғонистонга борди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Октябр ойида ўз лавозимига киришган НАТОнинг янги Бош котиби Йенс Столтенберг илк бор Афғонистонга ташриф буюрган.

Жаноб Столтенберг Кобул яқинидаги НАТО ҳарбий тайёргарлик жамлоғини бориб кўрган.

Бу жамлоқда шимолий алянс ҳарбийлари Афғон махсус қуролли кучларини тайёргарликдан ўтказади.

Афғон ҳарбийлари қаршисида сўзлаган жаноб Столтенберг, НАТО ўзининг жанговор амалиётлари тугаганидан кейин ҳам Афғон қўшинларини тайёргарликдан ўтказиш ва маслаҳат бериш мажбуриятига содиқ қолади, деб айтган.

Норвегиянинг собиқ бош вазири Йелс Столтенберг НАТОнинг бундан олдинги раҳбари Андерс Фоғ Расмуссен ўрнини эгаллади.

Жаноб Столтенберг Норвегиянинг бош вазири бўлган 2011 йили Андерс Брейвик портлаш ва қотилликларни содир этган эди.

Брейвик Осло шаҳридаги ҳукумат биноларини нишонга олган автомобил портлашини уюштирган, сўнг Йенс Столтенбергнинг Ишчилар партияси ёшлар қанотининг жамлоғида ёшлар ва расмийларни отиб ўлдирган эди.

Брейвик ҳужуми оқибатида 77 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Йелс Столтенберг икки марта бош вазир лавозимини эгаллаган.

Илк бор 2000-2001 йиллар орасида бир ярим йил, сўнг 2005 йилдан 2013 йилгача Норвегияни бошқарган.

У ўтган йили августида бир кун киракашлик ҳам қилган.

Йелс Столтенбергнинг янги лавозимига тайинланиши муносабати билан НАТО Бош котиби Андерс Фоғ Расмуссен ўз Twitter саҳифасида шундай деб ёзган: "жаноб Столтенберг НАТО қудрати ва муваффақиятини давом эттиришда тўғри инсондир".

Йенс Столтенберг 55 ёшда, оилали, икки фарзанднинг отаси.

У Осло университетининг иқтисодчи дипломига эга.

Сиёсат билан шуғулланишидан олдин журналист сифатида фаолият юритган.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ