АҚШ Ироққа қўшимча аскар жўнатмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Оқ Уйнинг айтишича, Ироқ армиясини "Исломий Давлат" жангариларига қарши қўллаб-қувватлаб туриши учун Қўшма Штатлар Ироққа яна 1, 500 жанговор қўшин жўнатади.

Пентагон чиқарган баёнотда айтилишича, қўшинлар Ироқ кучларини тайёрловдан ўтказиш ва кўмак бериш ишларига сафарбар этилади.

Қўшимча кучлари аллақачон Ироқда бўлган ҳарбий маслаҳатчиларга бориб қўшилишади.

Пентагонга кўра, улар Ироқ армияси ва курдларнинг Пешмерга бригадасини тайёрловдан ўтказишади.

Америка ҳарбийлари, шунингдек, Бағдод ва Ирбил ташқарисида иккита "маслаҳат ва ёрдам амалиётлари маркази" ташкил қилишади.

Президент Обама бунга Ироқ ҳукумати сўрови ортидан изн берган.

"Қўшма Штатлар қўшинлари жангда иштирок этишмайди, аммо улар жанг олиб бораётган Ироқ хавфсизлик кучларини дастаклаш учун яхшироқ мавқени эгаллашади", дейди мухбирларга гапирган Оқ Уй воизи.

Жош Эрнестнинг айтишича, Президент Обама ҳам Ироқ ва ҳам Сурияда "Исломий Давлат"га қарши олиб борилаётган амалиётлар учун Конгессдан 5.6 миллиард доллар сўрамоқда.

Бу ҳақда жаноб Обама Вашингтонда конгресс раҳбарлари билан учрашуви ортидан маълум қилинган.

Обама маъмурияти мақсад "Исломий Давлат" жангариларини "мағлуб этиш ва охир-оқибат яксон қилиш" эканини айтади.

"Исломий Давлат" гуруҳи Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудларини назорат қилмоқда.

Аммо, август ойидан бери Америка етакчилигидаги коалиция гуруҳни ҳаво ҳужумлари орқали нишонга олмоқда.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ