Назарбоев: 'Қозоғистонни жиддий синовлар кутмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи akorda.kz
Image caption 74 ёшли Нурсултон Назарбоевнинг ўрнини ким эгаллаши Қозоғистондаги асосий сиёсий масалалардан

Президент Нурсултон Назарбоев Қозоғистон халқига кутилмаган мурожаат билан чиқиб, келаётган йилларда Қозоғистонни глобал синовлар кутаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Жаноб Назарбоевга кўра, "дунё архитектураси ўзгаради" ва бу босқичдан ҳамма давлатлар ҳам муносиб ўтолмаслиги мумкин.

Қозоғистон раҳбари одатда янги йил бошида миллатга мурожаат қилиб келган ва бу сафар олдинроқ мурожаат билан чиқиши турлича талқин қилинмоқда.

Би-би-си Олма-Отадан Марказий Осиё масалалари бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллис билан боғланиб, жаноб Назарбоевни олдинроқ мурожаат қилишга нималар ундаган бўлиши мумкин, деб сўраган.

Жоанна Лиллис:Ҳақиқатан ҳам Президент Назарбоевнинг Қозоғистон халқига мурожаати кутилмаган бўлди. Қозоғистонликлар Президентнинг бу йилги мурожаат олдинроқ бўлишидан фақат бир-икки соат аввал хабар топган бўлсалар, эҳтимол. Президентнинг ўзи нима учун бу йил олдинроқ мурожаат қилаётганига маълум даражада изоҳ бериб ўтди. Унинг айтишича, мақсад ҳукуматни сафарбар қилиш, Қозоғистонни олдинда кутаётган иқтисодий қийинчиликларга тайёр туриш ва уларни ечишга қаратилган сиёсат, дастурларни олдиндан ишлаб чиқиш. Жаҳонда нефт нархларининг тушаётгани ва Қозоғистоннинг йирик иқтисодий шериги бўлмиш Россиядаги иқтисодий инқироз Қозоғистон раҳбариятини жиддий ташвишга солган. Ҳукумат маълум иқтисодий муаммоларга юз тутаётганини яхши англайди ва бундай вазиятда ҳукумат ҳукумат ўзининг ишлаётганини кўрсатишни истайди. Ва табиийки, Президент Назарбоев бу ишлаётганларнинг бошида турганини ҳамма кўриши керак.

Би-би-си: Президент Назарбоев иқтисодий муаммоларга урғу бергани рост, аммо унинг мурожаатида сиёсий беқарорлик эҳтимоли ва ҳатто муқаррарлиги ҳиссини ҳам сезиш мумкин, шундай эмасми?

Жоанна Лиллис: Шубҳасиз, иқтисод жаноб Назарбоевни хавотирга солаётган ягона муаммо эмас. Унинг Қозоғистон халқига ҳар доимгидан олдинроқ мурожаат қилиши Президентнинг сиёсий режаси, яъни ҳокимиятни кимга топшириши билан боғлиқ янги миш-мишларга ҳам сабаб бўлди. Сиёсий меросхўрлик ҳозирда Қозоғистондаги энг катта сиёсий масаладир. Сўнгги йилларда бу ҳақда бош қотирмаган, сўз юритмаган биронта ҳам қозоғистонлик бўлмаса керак. Жаноб Назарбоевнинг ўзи ҳозирга қадар бирон кишининг номзодини кўрсатмаган, ишора ҳам қилмаган. У ўз чиқишларидан бирида сиёсий меросхўрликни таъминлайдиган қайишқоқ бир сиёсий тизимни яратиш кераклигини айтганди. Аммо қозоғистонлик таҳлилчилар жаноб Назарбоевнинг ўзи бу каби тизимни яратиш йўлида бирон нарса қилдими, деган саволни ҳам беришаяпти. Бунга жавоб эса "йўқ". Президент Назарбоев Қозоғистонда бир кишилик тизим яратган ва ҳамма нарса унинг ўз шахси атрофига қурилган. Жаноб Назарбоев таъбир жоиз бўлса, бир актёр ижросидаги томошани ўйнаб келаяпти ва бу ўзгариши мумкинлигининг бирон белгисини кўраётганимиз йўқ.

Би-би-си: Қозоғистон Президенти ўзининг мурожаатида Овросиё Иттифоқини тилга олмади. Қайтага Хитой ва Оврўпога узанадиган автомобил йўллари лойиҳаси ҳақида гапирди. Бу жаноб Назарбоев Россия билан иқтисодий иттифоқ борасида унчалик умидбахш эмаслиги ва Москвадан узоқлашишга ҳаракат қилаётганини англатадими?

Жоанна Лиллис: Менимча, унинг ўз мурожаатида Овросиё Иқтисодий Иттифоқини тилга олмагани жуда қизиқ. Айниқса, мурожаат асосан иқтисодий масалаларга бағишлангани назарда тутилса. Овросиё Иқтисодий Иттифоқи 2015 йилнинг январидан ишлай бошлайди ва Қозоғистон унга асос солган давлатлардан биттаси. Хабарингиз бор, Президент Назарбоев яқинда агар Қозоғистоннинг мустақиллигига таҳдид пайдо бўлса, Овросиё Иттифоқидан чиқишларини айтди. Қозоғистон ҳозирда Россия билан иқтисодий жиҳатдан яқинлиги боис, Россия иқтисодининг секинлашишидан зарар кўраяпти. Мен жаноб Назарбоев Россия билан иқтисодий иттифоқни қайта кўриб чиқаяпти, деб айтмаган бўлардим, аммо шубҳасиз, бу масалага аввалгидан кўра эҳтиёткорроқ ёндашувни кузатаяпмиз.

Бу мавзуда батафсилроқ