Pink Floyd гуруҳи Орол ҳақида куйлади

Британиянинг таниқли Pink Floyd рок-гуруҳи ўзининг "Louder than Words"("Сўздан баландроқ") қўшиғи клипини Орол денгизи муаммоларига бағишлади. Афсонавий гуруҳнинг янги қўшиғи намуна ролиги YouTube видео тармоғи орқали намойиш қилинган.

"Gazeta.uz" веб сайтига интервю берган режиссёр Обри Паэлл ўзи суратга олган клипда нега айнан Орол муаммосини ёритишга аҳд қилгани, шунингдек, клип Ўзбекистонда эмас Қозоғистонда олингани сабаблари ҳақида тўхталган.

Режиссёр Орол денгизининг қуриши, унинг орқасидаги улкан экологик муаммолардан яхши хабардорлигини айтар экан, муаммога эътибор қаратишнинг энг яхши йўли- қуруқ сўз эмас, фаол ҳаракат қилиш дейди.

"Орол денгизи атрофидаги ҳудудларда яшаган одамлар унинг ўтмишда гўзал бир воҳа бўлганини хотирлашади, лекин ёш авлод бу нарсалардан хабарсиз, фақат ёши катталарнинг суҳбатларидан тасаввур қилишлари мумкин. Бу катта фожеа. Орол тақдири дунёнинг бошқа жойларида ҳам рўй бериши мумкин ва клипда экологик огоҳликка ундаш бор. Масалан, ўйламай қурилаётган улкан иншоотлар тузатиб бўлмас хатоликларни юзага чиқариши мумкин. Шу боисдан бизнинг клипимиз эслатиш ва огоҳлантириш мақсадини кўзлайди", деб айтади режиссёр Обри Паэлл .

Унинг сўзларига кўра, клипни дастлаб Ўзбекистонда суратга олиш режалаштирилган. "Лекин Нукусда суратга тушириш ишларини амалга ошириш учун керакли идоралардан лизенция талаб қилинар экан. Бизда қисқа муддатда бундай лицензияни берадиган ташкилот йўқлиги сабаб Қозоғистонга ўтишимизга тўғри келди. Қозоғистонда ишларимиз кўнгилдагидек кечди. Аралскда ҳаво ҳарорати қаттиқ совуқлигига қарамай клипни қисқа муддатда суратга олишга эришдик".

Режиссёр Обри Паэлл Қозоғистон Оролни тўлдириш устида ҳаракатларни бошлаганидан хабардорлигини, бир кун келиб Орол яна сувга тўлишини хоҳлашини таъкидлайди.

Клипда Орол ўрнида пайдо бўлган сувсиз туз босган саҳро, кўзлари дардли қария, Аралск ва Мўйноқдаги кимсасиз, бир замонлар ривожланган балиқчилик соҳасидан ёдгорлик бўлиб қолган кемаларни кўриш мумкин. "Энг ачинарлиси, бу кемалар ҳозирги ёш авлод учун бу ерларда қачонлардир балиқчилик гуллаб яшнаганининг ёлғиз нишонаси. Улар бу нарсанинг маъносини тушунишлари, келажакда тарих хатоларини қайтармасликлари керак", дейди британиялик режиссёр.

Обри Паэлл бу истакларини клип ниҳоясида акс эттиради- эски, занглаган кемалар атрофида сув кўтарилгани ва болакайларнинг йўқотилган Орол суратларини қўлларида кўтариб турган лавҳалар билан филм якунланади.

"Pink Floyd" рок мусиқанинг дунёдаги энг машҳур гуруҳларидан бири. Гуруҳ ўзининг фалсафий мазмундаги ижоди, турли овоз воситаларидан фойдаланилган тажрибалари ва улкан шоулари билан машҳур. Дунё бўйлаб гуруҳнинг 300 миллиондан ортиқ албомлари сотилган.