'Исломий давлат' сафларида 300 дан ортиқ қозоғистонлик бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қозоқ расмийларига кўра, ИД таркибидаги қозоғистонликларнинг ярми аёллардир

Қозоғистон махсус хизматларига кўра, юзлаб қозоғистонликлар Ироқ ва Суриядаги "Исломий Давлат" гуруҳи сафларида жанг қилмоқда.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитаси матбуот хизмати тарқатган хабарда айтилишича, 300 дан ортиқ қозоқ фуқаролари Исломий давлат жангарилари саналади.

"Улар "Қозоқ жамоати"ни тузишган. Бу 300 кишининг ярми аёллардир", -дейилади Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг расмий веб саҳифасида эълон қилинган баёнотда.

Қозоғистон махсус хизматлари радикал диний оқим вакилларининг ёшлар орасида экстремистик ғояларни ёйиб, уларни ИД сафларига ёллаш мақсадида МДҲ давлатларига кириб келаётганидан хавотир билдирган.

"Яна бир хавотирга солувчи жиҳат ёшларнинг интернетда чоп этилган айрим материаллар таъсирида ўз-ўзидан радикаллашувидир", дейилади баёнотда.

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Қўмитасига кўра, гарчи МДҲ давлатлари "Исломий давлат" фаол бўлган давлатлар билан чегарадош бўлмаса-да, ташкилот МДҲ давлатларига жиддий таҳдид солади.

Жангари гуруҳ сафларининг айниқса, МДҲ фуқаролари ҳисобидан тўлиб бораётгани, қозоқ махсус хизматлари назарида алоҳида хавотир уйғотади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption ИД Ироқ ва Суриянинг йирик ҳудудларини назорат қилади

Баёнотда айтилишича, Қозоғистон ўз фуқароларининг Ироқ ва Суриянинг ИД босиб олган ҳудудларига сафар қилишларининг олдини олишга қаратилган чораларни кўрмоқда.

Ироқ ва Суриянинг йирик ҳудудларини назорат қилаётган "Исломий давлат" сафларида кўплаб марказий осиёликларнинг борлиги айтиб келинади.

Аммо уларнинг сонига оид рақамни қозоқ расмийлари илк бор эълон қилишмоқда.

Бундан аввал Қирғизистон ўзининг ўнлаб фуқаролари Суриядаги жангларда иштирок этаётганини айтган эди.

Интернетда ўзбек тилида сўзлашувчи жангариларнинг видеолари ҳам пайдо бўлган, аммо ИД сафларида жанг қилаётган ўзбекистонликларнинг сони борасида расмий рақамлар йўқ.

Шу ой бошида Ўзбекистон ҳукуматининг Дин ишлари бўйича қўмитаси ораларида марказий осиёликлар ҳам бўлган "экстремистлар янги беқарорлик ҳудудларини келтириб чиқаришларидан" хавотир билдирган.

Қўмита веб саҳифасида эълон қилинган баёнотда "Исломий давлат" Қуръон оятларини ўзича талқин қилиб, "Ҳижрат" ва "Жиҳод" тушунчаларини илгари сураётгани ва ҳарбий тўқнашувлар ўчоқларига одамларни жалб қилаётгани айтилган.

Ўтган ой Президент Ислом Каримов Яқин Шарқдаги "янги ва янги жангари гуруҳлар" таҳдидидан огоҳлантирган эди.

Халқар инсон ҳақлари ташкилотлари Марказий Осиёдаги яккаҳоким президентларнинг репрессив тузумлари аҳолининг радикаллашувига ҳисса қўшаётганини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ