Туркманистонда нефт ва газ анжумани бўлиб ўтмоқда

Image caption Президент Бердимуҳаммедовга кўра, Туркманистон Оврўпога газ етказиб беришга тайёр

Туркманистон гази Оврўпонинг энергетика хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашади.

Энергетика ширкатлари ва Оврўпо Иттифоқи мулозимлари энергетика хавфсизлигини муҳокама қилиш учун Оврўпо чегараларидан минглаб чақирим узоқдаги Туркманистонда нефт ва газ анжуманига йиғилганлар.

Марказий Осиёдаги бу давлат дунёда газ заҳиралари бўйича тўртинчи ўринда туради.

Оврўпо Иттифоқи мулозимларига кўра, улар Оврўпога газ таъминотини йўлга қўйишни бошлаш томон тобора яқинлашмоқдалар.

Анжуманни кузатаётган Би-би-си мухбири Абдужалил Абдурасуловнинг хабар беришича, Ашхободда Оврўпо Иттифоқи расмийлари энергетика заҳираларининг экспорт йўллари ҳамда таъминотчиларини турфа хиллаштириш ҳақида гапиришган.

Уларга кўра, бу энергия хавфсизлиги учун муҳим.

Украинадаги сўнгги воқеалар Оврўпонинг Россия газига қарамлигини камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштирган.

Британиялик газ ва нефт бўйича эксперт Жон Робертснинг айтишича, Туркманистон бу мақсадга эришиш йўлида муҳим ҳамкор бўлиши мумкин.

"Туркманистон дунёнинг қуруқликдаги энг йирик газ майдонига эга. "Галкиниш" газ майдонидан йилига 100 миллиард кубометрдан 200 миллиард кубометргача газ қазиб олиш мумкин. Бу салоҳияти жиҳатидан Россия Оврўпога экспорт қилаётган газ ҳажмидан кўпроқдир", - дейди британиялик эксперт.

Оврўпо Иттифоқи расмийлари билан бирга йирик энергетика ширкатлари ҳайъатлари туркман газини Озарбайжон ва Туркия орқали Оврўпога етказиб берувчи қувур лойиҳасини дастаклаш учун Туркманистонга ташриф буюрганлар.

Ушбу лойиҳанинг асосий нуқталаридан бири Транс-Каспий газ қувурини барпо этишдир.

Ҳозирга қадар бу қувур лойиҳаси "хаёл" сифатида кўриб келинган.

Аммо Оврўпо Иттифоқининг Ашхободдаги мулозимига кўра, ҳозирда ушбу лойиҳа юзасидан жиддий илгари силжишга эришилган.

Аммо ҳануз лойиҳага тўсқинлик қилаётган атроф-муҳит, молия билан боғлиқ ва сиёсий омиллар мавжуд.

Шу маънода Туркманистон ўз газини Оврўпога етказиб бериши учун ҳали йиллар керак бўлиши мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ