Обама Афғонистонда қоладиган АҚШ ҳарбийлари ваколатларини оширган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШдаги оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишларича, Президент Барак Обама 2014 йилдан кейин ҳам Афғонистон ҳудудида қоладиган Америка ҳарбийлари ваколатларини белгилаб берадиган ҳужжатга имзо чеккан.

2014 йил охири Афғонистондан хорижий қўшинлар олиб чиқиладиган сўнгги муддат этиб белгиланган.

Бироқ АҚШ 2015 йилда ҳам Афғонистонда ўз ҳарбийлари қолишини маълум қилган.

Президент Обама бундан кейин Афғонистондаги америкалик ҳарбийларнинг асосий вазифаси Афғон хавфсизлик кучларини ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш ва “Ал-Қоида” жангариларига қарши аксилтеррор амалиётларини қўллаб-қувватлаш бўлиб қолишини айтган эди.

Ҳозирги пайтда Афғонистонда 9800 АҚШ ҳарбийси қолган.

Уларнинг сонини ҳам бир йилдан кейин ярмига камайтириш кўзда тутилган.

Президент Обама имзолаган, аммо кенг жамоатчиликка эълон қилинмаган ҳужжат ҳақида илк бор New York Times рўзномаси хабар тарқатган.

Бу ҳужжатга кўра, Пентагонга Толибон жангариларига қарши ҳарбий амалиётларда иштирок этиш, агар зарур бўлиб қолса, Афғон армиясини ҳаво ҳужумлари билан дастаклашига рухсат этилади.

АҚШ расмийлари сўзларига кўра, америкалик ҳарбийлар Толибон жангарилари изига тушиши мумкин, қачонки Толибон Америка қўшинларига таҳдид солса ёки “Ал-Қоида”га тўғридан-тўғри дастак берса.

Бу бундан олдин кўзланган Афғонистондаги АҚШ кучлари миссиясидан фарқ қилади, америкалик ҳарбийларнинг ваколатини оширади.

Мухбирларга кўра, Афғонистоннинг янги раҳбариятининг Президент Обама қарорини олқишлаши тайин.

Мамлакатдаги хорижий кучларнинг қолишига изн берадиган хавфсизлик битимини собиқ президент Ҳомид Карзай имзолашдан бош тортиб келди, аммо ўз лавозимига киришгани заҳотиёқ янги президент Ашраф Ғани бу келишувни имзолади.

Бу келишув Афғонистонда жами 12000 хорижий қўшин қолишини кўзда тутган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ