Шинжон Ёркентида камида 15 инсон ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи d

Шинжон Уйғуристонининг Ёркент шаҳрида 28 ноябр жума куни зўравонликлар рўй бергани ҳақида Хитой матбуоти шанба куни хабар тарқатган.

Ҳодисани Хитой расмийлари "террорчилик хуружи" деб атаган.

Хитой давлат телевидениеси хабар қилишича, "террорчиларнинг гуруҳи" ҳужуми оқибатида тўрт инсон ҳалок бўлган, 14 киши яраланган.

Зўравонликлар пайти 11 "террорчи" отиб ўлдирилди, дея хабар қилади CCTV.

Маҳаллий Tianshan News веб-сайти хабарига кўра, 11 ҳужумчи кўчада тановул қиладиган егуликлар дўкони жойлашган қаторга ҳужум қилганлар, портловчи моддаларни отиб, у ердаги одамларга пичоқ санчишни бошлаганлар.

Тожикистонга чегарадош Ёркент шу йил июл ойида мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида ҳам зўравонликлар саҳнаси бўлган эди.

Маҳаллий расмийлар зўравонликда 13 хитойлик Хан ҳалок бўлгани ҳақида айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ёркент мусулмон уйғурларнинг марказларидан ҳисобланади.

2009 йилда Шинжон пойтахти Урумчида уйғурлар ва Хан хитойлари ўртасида юз берган оммавий тўқнашувларда 200 га яқин инсон ҳалок бўлган, уларнинг аксари Хан хитойлари экани айтилган.

Расмийлар сўнгги ойларда авж олган зўравонликларда уйғур бўлгинчиларини айблашади.

Шу йил майида Урумчидаги бозорда икки машинанинг портлатиб юборилиши оқибатида камида 31 киши ҳалок бўлган.

Март ойида эса Кунмин темирйўл бекатидаги қирпичоқда 29 киши ўлдирилган.

Бунга жавобан Хитой ҳукумати бир йиллик "террорга қарши кураш" бошлаган, Шинжоннинг йирик шаҳарларида полиция ва армиянинг иштироки кучайтирилган.

Уйғур фаоллари Хитой бошқарувига қарши норозилик, хусусан, диний ва маданий эркинликларнинг чекланаётгани ҳақида гапиришади.

Хитой эса минтақа аҳолисининг турмушини яхшилаш учун йирик сармоялар киритаётганини айтиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ