'Янги темир йўлдан бутун Марказий Осиё минтақаси фойда кўради'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Туркман-Эрон чегарасидаги "Оқ Яйла" қишлоғида Форс кўрфазини Қозоғистон билан боғлайдиган янги темир йўлни фойдаланишга топшириш тантанали маросими бўлиб ўтган.

Маросимда Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев, Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов қатнашганлар.

Узунлиги 925 километрни ташкил этадиган ушбу янги темир йўлдан бутун Марказий Осиё минтақаси манфаат кўради, деб айтган Эрон Президенти жаноб Руҳоний.

Лойиҳага "Шимол-Жануб" деб ном берилган.

"Қозоғистон-Туркманистон-Эрон" темир йўлини барпо этиш шартномасини уч мамлакат раҳбарлари 2007 йилда имзолаган эдилар.

Қурилиш ишлари 2009 йилда бошланган.

Темир йўлнинг 140 километри Қозоғистондан, 700 километри Туркманистон ва 85 километри Эрон ҳудудидан ўтиши хабар қилинмоқда.

Лойиҳага Осиё Тараққиёт банки ва Ислом Тараққиёт банки ҳам ҳисса қўшганлар.

Ушбу йўлнинг лойиҳа қуввати йилига 10-12 миллион тонна юкни олиб ўтишга мўлжалланган.

Тантанали очилиш маросимида Президент Ҳасан Руҳоний, Эрон темир йўлнинг юк олиб ўтиш қувватини оширишга тайёр, деб айтган.

Жаноб Руҳоний энди темир йўл ёнида Каспийбўйи мамлакатлари янги денгиз йўналишларини ҳам барпо этишлари мақсадга мувофиқлигини айтган.

Би-би-си ушбу лойиҳа тарихи ва аҳамияти ҳақида Туркманистон масалалари бўйича шарҳловчи Мекан Наврўзовдан сўради.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди