Қозоқларнинг уйларида бўри асрашлари урфга кирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи other
Image caption Бўри боқиб олаётган рўзғорлар Қозоғистонда тобора кўпайиб бораётгани айтилади.

Қозоқ хабар агентликлари маълум қилишича, қозоғистонликлар орасида ўз уйларида бўри боқишдек янги удум кенг тарқалмоқда.

Бўрини боқиб олаётганлар асосан ўз хўжаликларини ҳимоя қилишни мақсад қилиб олишган.

Мазкур ёввойи жонзотларни бугунда 500 долларга сотиб олиш мумкин.

Кўпгина қозоқ овчиларига кўра, тўғри тарбия ва парваришлаш орқали бўрини қўлга ўргатиш мумкин.

КТК хабар агентлиги билан суҳбатлашган Нурсеит Жилқишбайнинг билдиришича, у уч йил аввал овчилардан бўри боласини сотиб олган ва ўз уйида парваришлаган.

Жилқишбай жанобларининг Куртка исмли бўриси аввалига одамзотдан жуда қўрққан, лекин бугунга келиб ўрганиб қолган.

«Уларга кўп овқат бериш керак бўлади. Кунига камида уч марта. Улар итдан кўп овқат ейишади. Оиламиздан ҳеч ким бўридан қўрқмайди», - дейди у.

Бўри боқиб олаётган рўзғорлар Қозоғистонда тобора кўпайиб бораётгани айтилади.

Лекин, итшунос Алмас Жапаровнинг айтишича, бўрини уйда боқиш ҳаёт учун хавфлидир. Ундан ташқари, мутахассисга кўра, бўрини боқишдан фойда йўқ, чунки у ўзининг хур характери туфайли қўлга ўрганишни истамайди.

«У нима қилиши мумкинлигини олдиндан башорат қилиш имконсиз. Бўри бомба каби бир нарса, кутилмаганда портлаши мумкин. Уни уйда сақлаш жуда хавфли, ҳарқалай, уйда оилангиз, болаларингиз бор», - дейди у.

Мутахассисларга кўра, бўри боқиш Қозоғистонда ҳукумат томонидан умуман назорат қилинмаяпти ва уларнинг савдосига қарши курашиш керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002