Тожикистонда 11 киши исломий ташкилотга аъзоликда айбланиб қамалди

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида 11 киши диний айбловлар билан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Хўжанд шаҳар маҳкамаси судланувчиларни тақиқланган "Ўзбекистон Исломий ҳаракати" га аъзо бўлиш ва конституцион тузумни ағдаришга уринишда айбдор деб топган.

Ҳакам Шуҳрат Аҳрорзоданинг Би-би-сига айтишича, судланганлар шу йилнинг сентябр ойида ҳибсга олинган. Улар билан бирга яна 40 дан ортиқ киши ушланган. Диний ташкилотга аъзоликда гумон қилинаётганлар устидан суриштирув-текширув ишлари кетаётганини билдирган ҳакам.

Маҳкама ҳужжатларида келтирилишича, судланувчилар Россияга иш излаб бориб, у ерда узоқ вақт яшаб келганлар. Улардан иккитаси- Мансур Бобоёров ва Элдоржон Ҳотамовларнинг Сурияга жиҳодга бормоқчи бўлганлари айтилади. Маҳкамага кўра, ҳибсга олиш чоғида уларнинг ёнларидан Сурияга авиачипта топилган.

Олдинроқ Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 300 дан ортиқ тожикистонлик фуқаролар Сурияда ҳукуматга қарши жангларда исломий гуруҳлар таркибида иштирок этаётгани, ундан 50 нафардан кўпроғи ҳалок бўлгани ҳақида маълумотга эга эканлигини маълум қилганди.

Охирги пайтларда Суриядаги урушда Марказий Осиё давлатларидан ҳам кўплаб фуқаролар қатнашаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез чиқмоқда. Маълумотларга қараганда, улар орасида ҳам кўнгиллилар, ҳам алданиб қолганлар мавжуд.

Шу йил бошида Қозоғистондан бир нечта оила бошлиқлари хотин-болаларини олиб, жами 150 нафар киши бўлиб, Сурияга жиҳодга кетишгани айтилганди.

Шунингдек, Қирғизистон жанубидан бўлган бир неча ёш йигитнинг Суриядаги мужоҳидларга ёрдам бериш ниятида кетишгани ҳақида хабарлар чиққанди. Кейинроқ улардан икки нафари Туркияда қўлга олиниб, Қирғизистонга қайтарилган.

Ҳозир Покистоннинг асосан шимолий ҳудудларида бошпана топган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Туркистон Исломий ҳаракати ҳам бир неча йиллар давомида собиқ Совет Марказий Осиёдан ўзлари учун аъзолар топишга интилиб келган.

Мазкур ҳаракатлар сафида аксар ўзбек, тожик, чечен, татар, афғон ва Хитойдаги тақиблардан қочиб чиққан уйғур ёшлари бор.

Кузатувчиларга кўра, Исломий Давлат сафига қўшилганлар орасида тожикистонликлар кўпчиликни ташкил қилиши мумкин. Айтилишича, уларнинг кўпчилиги дастлаб Россияга пул топиш илинжида кетишган. Ўша ерда бу каби ғоялар билан танишишган ва охир-оқибат Сурияга йўл олганлар.

Уларни жиҳодий ғояларга берилишларига асосий сабаб қилиб Тожикистонда дин ва диний билимлар қаттиқ назорат остига олингани ва чеклангани кўрсатилади.

Шу боисдан ёшлар ўзларига тақдим қилинган янги ғояларга берилувчан бўлишлари, бундан ташқари оғир турмуш ва пул топиш илинжи мисол қилиб келтирилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ