Тожикистон: "бокираликни тиклаш 350 доллар"

Image caption Никоҳгача бокираликни сақлаш оила қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Ўнлаб тожик аёллари ҳар йили бокираликни текширадиган тиббий кўрикдан ўтиш учун махсус муассасаларга ташриф буюришади.

Бундан ташқари аёллар бокиралик пардасини тиклаш учун гименопластикага тез-тез мурожаат қиладилар. Бундай жарроҳлик амалиётининг баҳоси 200 дан 350 долларгача бўлиши мумкин.

Кўпгина ёш аёллар шарманда бўлишдан қўрқиб оғриқли тиббий муолажалардан ўтишга рози бўладилар. Бунда улар ҳаммадан ҳам қўшнилар ва қариндошлар таъна-дашномларига нишон бўладиган оилаларидан хавотир олишади. Жамоатчилик фикри анъанавий жамиятларда ҳануз катта таъсирга эга.

Никоҳгача бокираликни сақлаш оила қуришнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Тўйнинг эртаси куни бокиралик белгилари йўқлиги ёшларнинг ажралиб кетишига сабаб бўлиши ҳамда аёл ва унинг оиласига жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

19 ёшли Гулнорани Республика Суд-тиббий экспертиза марказига эри ва қайнонаси олиб келишган. Уч кун олдин келинчак ва унинг 27 ёшли турмуш ўртоғи оила қуришган. Биринчи никоҳ кечасидан кутиладиган белгиларга гувоҳ бўлмаганларидан кейин куёв ва унинг қариндошлари тиббий муассасага мурожаат қилишга қарор қилишади.

"Биз хотиним билан қариндошмиз. Уни ота-онам танлашди. Мен бу нарсалар туфайли оилаларимиз ўртасидаги муносабатлар бузилишини ҳеч ҳам истамайман. Шифокорлар текширишсин, агар у айбсиз бўлса, мен оиламни сақлаб қоламан. Лекин унинг номуси менгача бузилган бўлса, мен хотинимни ота-онасига қайтараман. Шунда адолатли бўлади. Хотинимнинг қариндошлари мендан норози бўлишмайди",- деб тушунтиради куёв.

Муносабатлар

Судтиббий экспертиза хонасида Гулнора эри ва яна бир нечта эркак шифокорлар иштирокида шифокорнинг саволларига жавоб беришига тўғри келди. У чарчаган, хаёлчан ва саросимада экани кўринади. Эшик орқасида экспертиза хулосаларини кутиб эрининг қариндошлари туришибди.

Image caption Суд тиббий экспертиза маркази директор ўринбосари Фурқат Ғаниев мижозлар сони кўплигини айтади.

"Руҳий томондан бу ҳар қандай аёл учун жуда ёқимсиз жараён. Мен бу ерда анча йиллардан буён ишлайман ва бунга ўхшаш кўп қизларни кўриб, наҳот биз 21 асрда яшаяпмиз?- деб ўйлайман. Никоҳ кечасида содир бўладиган яқинлик- бу икки инсоннинг муносабати бўлиб, унга қариндошларни аралаштириш мумкин эмас. Ёшлар ўзлари қандай йўл тутишни ҳал қилишлари лозим",- дейди судтиббий эксперт Фазилат Саидова.

"Аввал ҳам келишган, ҳозир ҳам келишяпти ва яна келаверишади. Бу бизнинг анъаналаримиз ва менталитетимизга боғлиқ. Аввал ҳам шундай бўлган ва бу анъана сақланиб келмоқда. Кўпинча тўйдан кейин қизнинг "тозалиги" тўғрисида саволлар туғилганда келишади, лекин тўйгача ҳам "ҳимоя" сифатида мурожаатлар бўлиб туради. Тўйгача албатта бокира бўлиш ҳеч қайси қонунда белгиланмаган бўлса ҳам, анъана бор",- тушунтиради Республика Суд-тиббий экспертиза маркази директор ўринбосари Фурқат Ғаниев.

Глобаллашув ва юқори ахборот технологиялар энг ёпиқ давлатлар ва жамиятларни ҳам тинимисиз ўзгартириб борсада, бу янгиланишлар аёл ва эркак муносабатларига энг кам таъсир қилган. Анъанавий жамиятда ҳозиргача аёл ва эркакнинг ўрни ва вазифалари аниқ ажратиб, улар учун нималар мумкинлиги қаттиқ чегаралаб қўйилган.

"Ҳаёт-мамот масаласи"

Шарқнинг кўпгина бошқа мамлакатлари каби Тожикистонда ҳам қатор мажбурий шарт ва вазифалар бўлиб, уларга кўра, қизларга никоҳгача жинсий муносабатлар қаттиқ таъқиқланади ва бокираликка муҳим эътибор берилади.

Шу билан бирга, эркакларга ҳам бундай шартлар таълуқли бўлсада, уларга риоя қилиш унча мажбурий деб қаралмайди.

Расмий маълумотлар бўйича, Тожикистон аҳолисининг катта қисми мусулмонлардир.

"Ахлоқий поклик албатта қизлар учун муҳим, лекин у севиб қолса ва эркакка ишонса, эркак эса унинг ишончидан фойдаланса нима бўлади? Йигит унга уйланмайди, унга бокира қизни топишади, кейин нима бўлади? Бундан ташқари, бокиралик тозаликнинг бутунлай акси дегани эмас. Кўп ёш аёллар бокираликни ва расман ахлоқий покликни сақлаб қолиш учун бошқа йўллардан ҳам фойдаланишларига кўп мисоллар бор", - деб таъкидлайди душанбелик Мадина Камолова.

"Бокиралик пардасининг бор ёки йўқлиги ажралишга сабаб бўлиши мумкин. Кўпинча эркаклар биринчи кечада кўп қон кўришни ўйлайди, у эса йўқ. Ва шунда ҳаммаси у ўйлагандек эмаслигини тушунтиришга тўғри келади. Кўп нарса аёлнинг анатомик тузилиши ва ўзига хослигига боғлиқ. Агар одамлар тушунган бўлсалар, оила сақланади, лекин шундай ҳам бўладики, эркаклар қайта-қайта экспертиза ўтказишни талаб қиладилар ва натижасига ишонмайдилар",-деб айтади Фурқат Ғаниев.

Бокираликни исботлаш

Image caption Руҳан олиб қаралса, бокираликни текшириш - ҳар қандай аёл учун ёқимсиз жараён, дейди судтиббий эксперт Фазилат Саидова.

Охирги йилларда аёлларнинг ўзлари бокираликни текширишни ташаббускори бўлмоқдалар. Кўплари тиббий жараёндан эри ва унинг оиласига ўзининг айбсизлигини исботлаш учун ўтишга рози.

"Мен ҳам шундай текширувдан ўтганман. Справка олганман ва уни қўшниларим ва эримнинг қариндошларига кўрсатганман. Бу таҳқирли, лекин мен учун яқинларим, ота-онамнинг, яқинларимнинг руҳий ҳолати мен учун муҳим эди. Омма фикри бизнинг жамиятда катта ўрин тутади",- деб ҳикоя қилади Маҳфират Аминова.

Мамлакат қонунлари аёлларнинг никоҳгача бокираликни сақлашлари мажбуриятини бермайди, шунингдек, уйланмаган жуфтликлар учун яқинликни тақиқламайди. Бироқ жамиятда бундай ҳаракат қораланади ва бу каби алоқалар ахлоқсизлик саналади, шу сабабли ёшлар ўзларининг муносабатларини яширишга ҳаракат қилишади.

Бу мавзу тожик жамиятида очиқ муҳокама этилмайди. Омма фикри аёлларни қўрқитади. Улар табиийки, қариндошларидан қўрқишади, онасининг ҳаракати учун айбланадиган бўлажак болаларининг келажагидан хавотир олишади.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, кўп ҳолларда аёллар айбдорга чиқарилади, кўнглида аёлларни ёқлайдиганлар ҳам буни очиқ тан олмайдилар.

"Қизлар турмушга чиқиш ва биздан текширувдан ўтишдан қўрқишади. Мисол учун уларга бувилари гапиришган, агар ариқдан нотўғри сакраб ўтса, бокираликдан ажралиб қолиши мумкин, деб. Ёки пахта терими пайтидаги баъзи вазиятларда бокираликдан ажралиб қолдим деб ҳис қилади. Хуллас, ёш қизчалар ўзларида ҳаммаси жойида эканини текшириб қўйишимизни сўраб мурожаат қилишади", деб тушунтиради Фазилат Саидова.

Тенг ҳуқуқлилик

Мамлакатда 2005 йилда аёл ва эркак тенглиги кафолатланган қонун қабул қилинган. Лекин унга доим ҳам амал қилинавермайди.

Муаммо шундаки, кўпгина эркаклар аёлига буюмдек муносабатда бўлади. Агар буюм сифатсиздек кўринса, яъни бокиралик белгилари кўринмаса, уни орқага қайтариш, ташлаб юбориш мумкин. Бокираликни текшириш- оғир тажриба, айниқса унда бутун оила иштирок этса агар. Агар аёлларни бокиралиги текширилар экан, нега эркаклар текширилмайди?"- дейди жинслар тенглиги ва аёлларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш бирлашмаси директори Алла Қувватова.

Тожик ҳукумати ахлоқий қонунларга аниқ амал қилиш назарда тутиладиган оилавий ва диний анъаналарни сақлаб қолишнинг муҳимлиги ҳақида кўп бор айтади.

Тожикистондаги фуқаролар урушидан сўнг ва мамлакатда оммавий меҳнат муҳожирлигининг бошланиши билан гендер бўйича тенгсизлик кузатилди. Бир эркакка 3-4 аёл тўғри келади. Шунингдек, Россия ёки Қозоғистонга тирикчиликка борган тожик эркаклари у ерда бошқа аёлга уйланган ҳолатлар кўп учрайди.

Охирги йилларда меҳнат муҳожирлари томонидан ташлаб кетилган аёллар бир бараварга ошган.

Бундан ташқари, оғир иқтисодий вазият, айниқса қишлоқларда қизларнинг мактабни эрта ташлашларига сабаб бўлади. Мамлакатда жуда кам аёллар олий ўқув юртларида ўқишни давом эттира оладилар.

Буларнинг барчаси тожик аёлларининг аҳволини яна ҳам оғирлаштиради ва эркакка кўпроқ тобе қилиб қўяди.

"Эркаклик ғурури ўзининг аёли ёки қаллиғи қандайдир никоҳгача алоқа бўлишини тасаввур қилолмайди. Лекин шу билан бирга эркакнинг ички ахлоқий қонуни ўзининг никоҳгача муносабатларни содир этиб юришини айбламайди. Ҳатто тўйгача ва ундан кейин ҳам. Унга мумкин гўё, чунки у эркак. Мен эркакларга эслатгим келади, агар сиз никоҳсиз алоқаларга йўл қўяр экансиз, бу аёллар ҳам қачондир бошқа бировнинг хотини бўлиши кераклигини тушунишларингиз, сизнинг хотинингизни ҳам кимдир алдаб, фойдаланиб, кейин уйланмай кетиши мумкинлигини тушунишингиз керак. Шунинг учун ишни аввало ўзингизнинг ахлоқингизни тарбиялашдан бошланг дердим", - дейди ҳуқуқ фаоли Алла Қуватова.

Тожикистон расмийларига кўра, оила кодексига ўзгартириш киритиб, ёшлар бир-бирлари ҳақидаги маълумотни олишлари имконини яратиш оилани мустаҳкамлаши мумкин.

Бундан ташқари, Тожикистон ҳукумати кейинги пайтда фуқароларнинг ахлоқсиз ҳаракатларига қарши курашни кучайтирган, ўтказилган ўнлаб рейдлар давомида фоҳишалар ушланган, уларга нисбатан мажбурий текширувлар ўтказилган.

Ҳуқуқ фаоллари ҳукуматнинг бундай амалларини қоралаганлар, расмийлар эса бундай чоралар мамлакатда ортиб бораётган фоҳишабозликни олдини олиши, одам савдоси ва жинсий эксплуатацияга қарши қаратилганини таъкидлайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ