Ўшга газ берила бошланди

Бу ҳақда “Газпром Қирғизистон” маъсулияти чекланган жамиятининг Ўш филиали раҳбари ўринбосари Тоҳир Алимов Би-би-сига маълум қилди.

«Ўзбекистон бугун тунги соат учда Ўшга газ беришни бошлади. Ҳозир бизнинг ходимларимиз хонадонлар, ташкилот ва муассаларни қидириб, қаерда газ истеъмолчилари бўлса уларни текшириб чиқаяптилар. Бугун тушдан кейин шаҳар бўйича газ берилади ва газ тутукчалари ёпиқ бўлмоқлиги лозим. Ҳозир газ қувуридаги босим квадрат сантиметрига 14 килограммни, ёки 14 – атмосферни ташкил этади» – деди “Газпром Қирғизистон”нинг Ўш филиали раҳбари ўринбосари Тоҳир Алимов.

Унинг маълум қилишича, Ўш шаҳар ва вилояти бўйича кундалик газ истеъмоли 4000 кубометрни ташкил этади. Абонентларнинг сони эса 60 минг 600 га етади. “Икки кун ичида газ билан Ўш шаҳри ва вилоятнинг бошқа туманлари ҳам тўлиқ таъминланади.

Алимовнинг сўзларига кўра, Жалолобод вилояти аҳолиси маҳаллий газни истеъмол қилади, Боткен вилоятининг Учқўрғон, Қадамжой ва Ҳайдаркон туманлари эса Ўзбекистондан олиб келинувчи зангори олов билан таъминланади.

«Газпром Қирғизистон» маъсулияти чекланган жамиятининг бугун ёйинлаган хабарига кўра, Қирғизистоннинг жанубига зангор оловни етказиб бериш учун «Gazprom Schweiz AG» ширкати «ЎзТрансГаз» ташкилоти билан шартнома имзолаган.

Баёнотда айтилишича, «Газпром Қирғизистон» маъсулияти чекланган жамияти, жорий йилнинг апрелида газ бериш тўхтатилганидан бошлаб, «Газпром» очиқ хиссадорлик жамияти билан биргаликда Қирғизистон ҳукумати миқёсида Ўзбекистон билан газ беришни қайта тиклаш юзасидан бир неча музокалар олиб борган.

«Шунингдек, музокаралар доирасида икки тарафлама давлат бошчилари ва ҳукуматлари миқёсида ҳам учрашувлар ўтказилган. Ўтказилган бир қанча учрашувлар натийжасида сўнги ойда давлатнинг жанубига газни қайта етказишга қарор қилинган» - дейилади «Газпром Қирғизистон» баёнотида.

Эришилган келишувнинг шартларига биноан, жорий йилнинг 30 декабрида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларига зангори олов қайта берила бошланди.

Берилаётган газнинг ҳажми 100 млн кубометрни ташкил этади. Республиканинг шимолий вилоятларидаги каби зангори оловнинг нархи жанубий ҳудудларда ҳам бирдек бўлади. 2015 йилнинг январида Қирғизистон Миллий Банки тасдиқлаган долларнинг курси асосида газни янги нархи ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

«Газпром Қирғизистон» вазиятни тушуниш билан қабул қилиб, вақтинчалик газнинг йўқлиги, қийин вазиятда қўллагани учун республиканинг жанубий ҳудуд аҳолисига миннатдорчилик билдирган.

Жорий йилнинг 10 апрелида «Қирғизгаз» очиқ хиссадорлик жамияти Россиянинг «Газпром» ташкилотига бир доллар эвазига сотиб юборилган эди. 14 апрелда «ЎзТрансГаз» ташкилотнинг янги раҳбарияти билан шартнома тузишни айтиб, республиканинг жанубий ҳудудлари Ўш ва Боткен вилоятларига зангори олов етказиб беришни тўхтатган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002