Толибоннинг қадами Хитойга ҳам етди

Фото муаллифлик ҳуқуқи NA

Расмий Пекин Толибон муаммосига ечим топиш истагини ошкора баён қиларкан, ҳаракатнинг махсус ҳайъати аллақачон Хитойда бўлган.

Агар, толибларнинг ўз сўзларига таянилса, Хитой томонига "Исломий Амирликнинг мавқеъини тушунтириб қўйишган".

Хабарларга кўра, Толибон ҳайъатига ҳаракатнинг Қатардаги сиёсий идораси вакили Қори Дин Муҳаммад бошчилик қилган.

Аммо Пекинда томонлар айнан нималарни муҳокама этишгани ва қандай қарорга келишгани тафсилотлари маълум эмас.

Дунёнинг иккита қудратли давлатидан биттаси бўлган Хитой эса, ўтган ноябр ойида бу каби ниятини изҳор этганди.

Расмий Пекин бу йўлда ўзининг иқтисодий қудратини ҳам ишга солишини баён қилганди.

Афғонистон, Покистон ва Толибон ҳаракатини музокаралар столига келтириш учун минтақада қиймати 100 миллиард доллардан ортиқ лойиҳаларга қўл уриш режасида эканини ҳам билдирганди.

Бугунга келиб бўй кўрсатаётган хабарлардан аён бўлишича, Толибон ҳаракатининг Хитойга сафари ҳам худди ўша пайтда, яъни ноябр ойи якунида амалга ошган.

Янги дипломатик саъй-ҳаракатлар Афғонистонни катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинлари тарк этиб бўлган, толиблар эса, бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга муваффақ бўлган бир манзарада кузатилмоқда.

Мамлакати қайта зўравонликлар гирдобига ботиб бораркан, Хитой Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани Толибон билан тинчлик музокараларида дастагини сўраб, биринчилардан бўлиб сафар қилган дунёнинг иккита давлатидан биттаси бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Президент Ғани бу масалада энг аввало расмий Пекиннинг Исломободга бўлган катта таъсири ва йирик иқтисодий қудратига кўз тикканди.

Ўз навбатида, ҳам ҳарбий ва ҳам иқтисодий жиҳатдан қанчалик қудратли бўлмасин, шундоқ биқинидаги Афғонистондаги вазиятнинг қандай тус олиши, йилларки, қолган аксарият минтақа давлатлари каби Хитойнинг ҳам диққат-эътиборидаги асосий масалалардан бири бўлиб келади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, расмий Пекин чегараоша арзон афюн оқими ва уйғур исломий бўлгинчилигининг янада кучайиб, Хитой миллий хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлигидан жиддий хавотирда.

Бироқ, бугун дунёда эгаллаб турган иқтисодий ва ҳарбий қудратига қарамай, бу масалада Хитойнинг нималарга қодир бўлишини савол остига олаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Жумладан, минтақавий таҳлилчи Аҳмад Рашид ўзининг яқинда Би-би-си учун ёзган таҳлилий мақоласида Хитойнинг шу пайтгача ҳеч қачон ўзининг чегарасидан ташқарисидаги можароларда воситачи бўлиб кўрмаганига диққат қаратганди.

Бошқа таҳлилчилар эса, ўтган 13 йил давомида Афғонистон Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларида воситачи бўлишга уринган Япониядан тортиб, Швейцария, Саудия Арабистони, Туркия ва Қатар давлатларнинг "аччиқ" тажрибасини мисол қилиб келтиришади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Устига устак, улар шунча қудрати ва Афғонистонда ҳозир ўн минглаб ҳарбийлари билан Ғарб ва қатор минтақа давлатларининг бу йўлдаги уринишлари ҳам бесамар кетгани, уларнинг натижаси Толибон ҳаракати бу каби музокараларни ўз мақсадлари йўлида суиистеъфода этишини кўрсатганини айтишади.

Ўз навбатида, таҳлилчиларга кўра, айниқса, Покистон Толибон ҳаракати сафларининг қанчалар тарқоқлиги ҳам бу масалада воситачи давлатларга панд бермай қолмайди.

Уларнинг наздларида яна Хитой ўз режаю ташаббусларида самимий бўлиши мумкин, аммо Толибонга катта таъсирга эга Покистонга ўхшаш минтақа давлатларининг бунга қанчалик сидқидилдан ҳозир эканликлари бу ўринда муҳим ўрин тутади.

Покистон томони эса, ҳозирча, сўнгги янгиликка бирор бир расмий муносабат билдирмаган.

Аммо яқинда Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ошкора баёнот билан чиқиб, Афғонистон томонини учинчи бир давлат воситасида ўзларига босим ўтказишга ҳаракат қилмаслик билан огоҳлантирганди.

Энг сўнггида шуни ҳам эътироф этиш жоизки, шунча давлатнинг Афғонистондаги шунча йиллик "тажрибаси"дан келиб чиқиб, бугун ҳам минтақавий ва ҳам халқаро таҳлилчилар орасида 35 йиллик афғон можаросининг ечими қандай бўлишини ҳозир ҳеч ким билмаслигига оид хулосага келиб бўлганлари ҳам оз эмас.

Устига устак, минтақавий таҳлилчиларга кўра, иқтидорга келган ўтган уч ой ичида толиблар билан сулҳу мадора истагида эканини ошкора ва расман баён этиб келаётганига қарамай, Афғонистоннинг янги миллий бирдамлик ҳукумати қўлида тузук-қуруқ тинчлик режаси йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилувчи Покистон ҳукумати, Жосуслик Хизмати ва ҳатто, Хитой ҳам афғон ҳукуматининг шахсан ўзи бу каби режа билан чиққан тақдирдагина, тинчлик музокаралари масаласида Афғонистонни қўллашга ваъда беришган.

Толибон ҳайъатининг Хитойга қилган сафарига муносабатга келганда, расмий Кобул буни "хуш қаршилашлари"ни айтиш билан чекланган, холос.

Бошқа томондан, Афғонистон Толибон ҳаракати раҳбари Мулла Муҳаммад Умар афғон тупроғида бирор бир хорижий аскар қолар экан, ҳеч қайси бир томон билан тинчлик музокараларига бормаслигини айтиб келади.

Қўшни Афғонистоннинг янги президенти Ашраф Ғани расмий Вашингтон билан имзолаган муҳим хавфсизлик битими эса, камида келаси икки йилгача яна минглаб чет эллик ҳарбийларнинг Афғонистонда қолишларига изн беради.

Устига устак, Афғонистон Толибон ҳаракати ўтган йил сентябр ойида қудратга келган янги миллий бирдамлик ҳукуматини ҳам тан олмаслигини ошкора баён қилган.

Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Афғонистон Толибон ҳаракати Натонинг ўтган йил сентябр ойида Уэльсда бўлиб ўтган саммити арафасида агар, қудратни ўзлари билан бўлишишса, сулҳу мадорга боришга ҳозир эканлигига ишора қилгани ҳам бор гап.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ